Туман ҳокимлари гоҳида қарор чиқаришда шошма-шошарликка йўл қўймоқда
Шароф Рашидов туманидаги боғдорчилик йўналишидаги “Жиззах олмачи боғи боғбон” фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси туман ҳокимининг қарори билан бекор қилинган.
Ижарага берилган ер майдони “DOSHKOLYONOK” нодавлат таълим муассасасига берилганлиги сабабли 150 туп олма дарахти ва 50 туп анор кўчатлари қўпориб ташланган. Фермер хўжалигига етказилган 170 миллион 280 минг сўм зарар ҳамда қилинган харажатларни ундириш юзасидан иқтисодий судининг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, туман ҳокимининг қарори билан компенсация сифатида етказилган зарар ўрнига қўшимча ер майдони ажратиб берилишига эришилди.
Зомин туманидаги “Дамиржон Олим” фермер хўжалигининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг томчилатиб суғориш усулида боғзор ташкил этиб, бурғуланган қудуқ учун субсидия ажратмаслик ҳаракатларига нисбатан Тошкент туманлараро маъмурий судига мажбуриятни юклаш бўйича киритилган даъво аризани суд рад этган.
Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси томонидан 1-инстанциянинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг “Дамиржон Олим” фермер хўжалигига субсидия ажратмасликда ифодаланган ҳаракатсизлиги қонунга хилоф деб топилиб, жавобгар зиммасига субсидия ажратиш тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшунослари Жиззах вилоятидаги 571 та фермер хўжаликларининг тайёрлов, маҳсулот етказиб берувчи ва хизмат кўрсатиш ташкилотларидан ҳақларини ундириб бериш бўйича 25 миллиард 644 миллион сўмлик судларга даъво аризалари киритилди. Шундан 494 таси қаноатлантирилиб 19 миллиард 776 миллион сўм ундириб берилди.
Мисол учун, Бахмал туманидаги “Акобиржон Рустамжон” фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги техникалари билан Арнасой туманидаги “Арнасой пахта-ғалла кластери” МЧЖда кўрсатган техника хизмати бўйича ҳақдорлик маблағини ололмагани учун Дўстлик туманлараро иқтисодий судида “Арнасой пахта-ғалла кластери” МЧЖдан 440 миллион 350 минг 999 сўм ҳақдорлик, 66 миллион сўмдан кўпроқ жарима ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Пахтакор туманидаги “Пахтакор Агросервис” МЧЖ “Яз Бегзод” фермер хўжалигига шартномага кўра кўрсатилган 206 миллион сўмлик техник хизматга маблағ тўлаб бермаган. Дўстлик туманлараро иқтисодий суди “Пахтакор Агросервис” МЧЖдан 206 миллион сўм ҳақдорлик, қарийб 31 миллион сўм жарима ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.
Ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари билан 2021 йил учун бошоқли дон харид қилиш бўйича тузилган фъючерс шартномасига асосан топширилган маҳсулот учун маблағ 1 сентябрга қадар кечиктирмасдан тўлаб беришлик белгиланган бўлсада, Зафаробод туманидаги “Кумушбиби” МЧЖ 95та фермер хўжалигининг 9 миллиард сўмдан кўпроқ маблағларини тўлаб бермаган. Шу боис Жиззах туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризасига кўра 9 миллиарддан кўпроқ маблағ ва 304 миллион 300 минг сўм жарима ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилинди.
“Zarbdor-zomin galla klaster” МЧЖ Зарбдор туманидаги 42 та фермер хўжалигининг 1 миллиарддан кўпроқ маблағларини белгиланган муддатда тўламаганлиги учун Жиззах туманлараро иқтисодий судига киритилган даво аризаларига кўра 9 миллиард 721 минг сўм ҳақдорлик маблағлари ҳамда жарималари билан ундириш юзасидан ҳал қилув қарорлари қабул қилинди.
Фермер хўжаликлари етиштирган пилла хом-ашёси бўйича ҳақдорлик маблағларини ундириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Вилоятда 2021 йил пилла ҳосили учун “Пилла ҳом-ашёсини етиштириш бўйича контрактация шартномаси”га асосан 184 та фермер хўжаликларининг 285 миллион сўмлик ҳақдорлик маблағларини ундириш юзасидан иқтисодий судларга киритилган даво аризалари тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгарлардан фермер хўжаликлари фойдасига жарима ундириб берилди.
Туман ҳокимлари ҳам қарор чиқаришда баъзида шошма-шошарликка йўл қўймоқда. Жумладан, Арнасой туман ҳокимининг Арнасой туманидаги пахта-ғаллачилик йўналишдаги “Фориш-2018” фермер хўжалигига ҳамда мева-сабзавотчилик йўналишидаги “Чўлқувар АГРО” фермер хўжалигига узоқ муддатли ижарага берилган ер майдони норматив ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига зид равишда заҳирага олинганлиги аниқланди. Бундай нотўғри қарорларни Шароф Рашидов, Ғаллаорол, Фориш, Бахмал, Дўстлик тумани ҳокими имзолаган ҳужжатларда ҳам кузатиш мумкин. Бунда фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага берилган ер майдони норматив ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига зид равишдақп заҳирага олинганлиги сабабли, Жиззах туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан ушбу қарорларнинг барчаси ҳақиқий эмас деб топилиб, фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари тикланди.
Қайд этиш керакки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига асосан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мулки дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза қилиниши белгиланган.
Келтирилган маълумотлардан ҳам кўриш мумкин-ки, фермер хўжаликларининг тайёрлов, маҳсулот етказиб берувчи ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан ўзаро муносабатлари доимий равишда назоратга олинган.