Томорқалар шудгорланиб, экин экишга тайёрлаб берилди
Сирдарё вилоятининг “Минг терак” маҳалласида яшовчи Фарҳод Қўлдошев оиласи 24 сотихлик томорқадан оқилона фойдаланиб келмоқда.
Томорқада 200дан зиёд мевали дарахтлар ва резаворлар экилган бўлиб, анор, олма ва смородина ҳосили даромад келтирмоқда. 30 бошдан ортиқ товуқ ва қуёнлар парваришланмоқда. 3 сотихлик иссиқхонада саримсоқпиёз, исмалоқ, сабзи, кўкатлар, картошка ва бодрингдан йилига 3 марта ҳосил олинмоқда. Етиштирилган маҳсулотлар маҳаллий бозорнинг файзига файз қўшмоқда.
“Аҳмад Яссавий” МФЙда яшовчи Санжар Шодиев оиласи 20 сотихлик томорқа ва иссиқхонада томчилатиб суғориш усулида помидор, бодринг, саримсоқпиёз, кўкатлар, редиска, қовун, тарвуз етиштириб йилига, 3 марта ҳосил олмоқда
Мазкур маҳаллани Янгиаср кўчасида яшовчи Тўлқин Мадалиев оиласи эса 15 сотихлик томорқада – бодом ва нок дарахтларидан мўл ҳосил етиштирмоқда. 2 сотихлик иссиқхонадаги лимонзор ҳам баракали ҳосил ва даромад келтирмоқда.
Сирдарё вилоятида ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, аввало оиласини, қолаверса аҳоли дастурхони баракасини ошишига ҳисса қўшаётган томорқачилар жуда кўп. Бироқ, ерни эътиборсиз қолдираётганлар ҳам анчагина.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши раиснинг ўринбосари Т.Саттаров, Сирдарё вилояти кенгаши раиси Р.Пиримқулов Гулистон, Ховос ва Боёвут туманларида бўлиб, аҳоли томорқаларида баҳорги экинлар экилиши ҳолатини ўрганди.
Мақсад томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатиш, тарғибот тадбирларини ўтказиш, етарли даражада экилмаган ва эгалари томонидан эътиборсиз қолган майдонларни ҳисобини олиш.
Ўрганишлар жараёнида томорқасига эътиборсиз бўлган бир қатор хонадонлар аниқланиб, уларга амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, қисқа муддатда 20та хонадоннинг экин экиладиган ерлари “Томорқа хизмати” МЧЖнинг техникаларида шудгор қилиниб, экин экишга тайёрлаб берилди.
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/tomorqalar-shudgorlanib-ekin-ekishga-tayyorlab-berildi_359063