Томорқачилар учун ўқув курслари

Аграр тармоқ мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири бўлиб, уни янада ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш кун тартибидаги муҳим вазифалардан саналади. Зеро, давлатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги, дастурхонимиз файзи бевосита шу соҳа ривожи билан боғлиқ.

Президентимизнинг 2021 йилнинг 16-декабрида қабул қилинган “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори  ҳудудларда ердан самарали фойдаланишда қўл келмоқда.

 Ҳар қарич ердан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши  ҳар бир вилоятда маҳаллалар кесимида  ўқув курслари ташкил этмоқда.

 Жиззах вилоятида 299 маҳалла мавжуд бўлиб, ўтган даврда уларнинг 115 тасида томорқа ер эгаларининг  қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлаши бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилмоқда. 

Унда томорқа ер эгалари ва кооперацияларни маҳсулот ишлаб чиқаришнинг янги технологияларига ўргатиш, кооперация аъзоларининг ерларида агротехник тадбирлар мониторингини ўтказиш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш кенг таҳлил қилинмоқда. Шунингдек, уста деҳқонлар томорқадан самарали фойдаланиш ва йилига 3 марта ҳосил олиш бўйича маслаҳатлар беришмоқда.

 – Мисол учун, Арнасой туманининг 13 та маҳалласида қисқа муддатли ўқув курслари ўтказилди, –дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи М.Муҳаммадиев. –  Унда туман кенгашининг мутахассислари, уста деҳқонлар, “Томорқа хизмати” МЧЖ корхоналари, йирик экспортёр корхоналари раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари кенг қамровли тушунтиришлар олиб бормоқда.

Ўқув курслари давомида ташкилотчилар аҳолини камбағалликдан босқичма-босқич чиқариш, “Бир маҳалла бир маҳсулот” тамойили асосида томорқаларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан ташқи бозорларга етказиб беришни йўлга қўйиш борасида тушунтириш ва тавсиялар берилмоқда.

Шунингдек, мазкур ўқув курсларида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси, Аграр соҳада инновациялар ва технологиялар, тупроқ унумдорлиги, муаммолар ва уларнинг сифатини яхшилаш чора-тадбирлари, сувдан самарали фойдаланиш технологиялари, деҳқончиликда зараркунандалар ва касалликларга қарши курашиш усуллари ҳамда бошқа долзарб мавзуларда таълим берилмоқда. 

Томорқа эгалари ўртасида тажриба алмашиш ва бу каби қисқа муддатли ўқув курслари йил давомида ўтказилади. 

https://uza.uz/uz/posts/tomorqachilar-uchun-oquv-kurslari_355570

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram