Ислоҳотлар самараси: оилаларнинг йиллик даромади ошмоқда

“Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида Қашқадарё вилоятида аҳоли томорқаларига 110 минг туп мевали дарахт кўчатлари экилди.

Шунингдек, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда асосий ўрин тутувчи 611,5 мингта деҳқон хўжалиги ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш доимий эътиборда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, вилоят ва туман сектор раҳбарлари бу йилги кутилаётган сув танқислигини инобатга олиб, аҳоли томорқаларида экинларнинг жойлашуви борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Юртимизда баҳор нафаси уфураётган шу кунларда дала юмушлари қизғин бормоқда. Хусусан, март-апрель ойларида томорқаларда қишлоқ хўжалиги экинлари экиш бўйича маҳаллабай ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда экиш ишлари ташкил этилади.

Бунинг учун эртаки экинларни тезроқ экиш мақсадида аҳолига зарур уруғлик, кўчатлар ва ўғитлар етказиб бериш тизими йўлга қўйилди. Бу борада туманларда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЖЧ деҳқонларга яқин мададкор бўлмоқда.

Узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида вилоятда жумладан, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Касби ва Қарши туманларида томорқалардан икки ва уч марта ҳосил олинмоқда. Бу туманларда 10 сотих ҳисобига ўртача 1,5-2,0 тонна ҳосил етиштирилмоқда. Деҳқончиликдан йилига уч марта ҳосил оладиган хонадонлар даромади ўртача 30-35 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Китоб тумани Жилисув маҳалласида яшовчи Мажид Қораев 14 сотих томорқада экин етиштиради. Шундан икки сотихда иссиқхона барпо этилган бўлиб, сабзавотлардан уч марта ҳосил олади. Бундан ташқари 19 та қорамоли, 20 бош парранда парваришлайди. Оиланинг йиллик даромади 55 миллион сўмни ташкил қилади. Албатта, бундай натижага эришишда бошқа ҳудудлар, жумладан Фарғона, Сурхондарё вилоятининг томорқачилик ривожланган туманларидан тажрибали деҳқонлар билан ҳамкорликда ўтказилган амалий кўргазмали семинарларнинг алоҳида ўрни бор.

Президентимизнинг 2021 йил 16 декабрда қабул қилинган “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Бир маҳалла бир маҳсулот” тамойилига амал қилинмоқда.

Унга кўра, аҳоли томорқаларидан икки-уч марта ҳосил олишга барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Жумладан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини ҳамда томорқа хизмати корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш учун жорий йилда 128 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, томорқа хизмати корхоналарига ҳоким ёрдамчиларининг тавсиясига кўра, кенгаши ҳузуридаги жамғармадан ажратиладиган 22,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ҳисобига минитракторлар, мотокультиваторлар, ташиш техникалари, инкубаторлар, дорипуркагичлар, қуритиш ва қадоқлаш ускуналари харид қилинади. Музлаткичли омборлар, уруғлик ва кўчат дўконлари ташкил этилади.

Вилоятдаги томорқачилар ва фермерларга яқиндан кўмак бериш мақсадида Чироқчи туманида “Томорқа ер эгаларини ривожлантириш илмий- амалий маркази”, Китоб туманида “Варганза томорқа хизмати” жамиятларида ўқув марказлари фаолият юритмоқда.

ЎзА

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram