Кооперациялар аҳоли фаровонлиги учун хизмат қилади

Наманганда “Чуст томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятининг илғор тажрибаларини оммалаштириш мақсадида амалий семинар ташкил этилди.

Семинар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кооперациялар ташкил қилиш орқали аҳоли хонадонларида етиштирилган гўшт ва бошқа озиқ-овақт маҳсулотларини халқимиз дастурхонига етказиб бериш мақсадида ташкил этилди.

Чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш халқимизни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу борадаги ишлар кооперациялар тузиш орқали ташкил қилинса қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлиги ҳам таъминланади ва оилалар даромадлари ошади.

Мазкур семинарда “Чуст томорқа хизмати” жамиятининг фаолияти чуқур таҳлил қилинган ҳолда жамғарма маблағлари ҳисобидан кластерда кўчатчилик иссиқхонаси, техника парки, юк сақлаш омборхонаси, совиткичли омборхона, уруғ, кўчат, ўғит, кимёвий воситалар дўкони, ихчам иссиқхоналар қуриш цехи, мевани қуритиш ва қайта ишлаш цехи, инкубатор, сунъий қочириш пункти, сутни қабул қилиш пункти, ем ишлаб чиқариш цехи, саралаш ва қадоқлаш цехи фаолияти йўлга қўйилгани ҳақида маълумот берилди.

Ушбу кооперация томонидан аҳоли хонадонларига чорва молларни тарқатиш, ем-хашакларни етказиб бериш орқали ёрдам бериш, шунингдек, аҳолидан сутни сотиб олиб қайта ишлаш жараёнлари иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.

Маъруфжон Ўрозов,
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мутахассиси.
ЎзА

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram