Узумзорлар қўшимча даромад келтиради

Яхши меҳнат қилинса, томорқалар ва ер участкаларидан янада самаралироқ фойдаланиб, олинаётган ҳосил ва даромадларни 2-3 мартагача ошириш мумкин.

Чунки, бизнинг иқлим шароитимиз йил давомида деҳқончилик қилиш имконини беради. Шунинг учун ҳозирда бу масалага ҳукумат даражасида эътибор қаратилаяпти.

Бугунги кунда томорқачиликнинг ривожланиши одамларнинг яхши турмуш кечириши, қўшимча даромад олиш, озиқ-овқат мўл-кўлчилигига эришиш, оилаларнинг моддий таъминотини яхшилаш ва аҳоли бандлигини таъминлашда катта аҳамият касб этади. Агар ҳар бир оила ўз томорқасидан унумли фойдаланса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзини-ўзи тўла таъминлайди. Натижада уни бозордан сотиб олишга кетадиган маблағни бошқа эҳтиёжларига ишлатиш мумкин. Қолаверса, ўз эҳтиёжидан ортиб қолган маҳсулотни бозорга чиқарган оиланинг моддий аҳволи янада яхшиланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги «Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ихтисослашган туманларда аҳоли хонадонларида узумзорлар барпо этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Навоий вилоятида 2021-2024 йилларда 3185 гектарда ток кўчати экиш мўлжалланмоқда. Навбаҳор туманида 1400 гектар, Қизилтепа туманида 1400 гектар, Хатирчи туманида 276 гектар, Нурота туманида 109 гектар токзор шулар сирасидандир.

Шунингдек, 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор ойларида 70 та МФЙ 23 минг 207 та хонадоннинг том орқасига 232,1 минг дона узум кўчатлари войишсимон сибағаз усулида экишни ташкил қилиш режалаштирилган. Хусусан, Кармана туманида 4 982 та хонадонда, Навбаҳор туманида 3 981 та хонадонда, Қизилтепа туманида 5 147 та хонадонда кўчат экиш режалаштирилган.

Бу каби ишларни самарадорлигини янада оширишда эса жойларда ўтказилаётган маҳорат дарслари муҳим аҳамият касб этмоқда. Вилоятнинг Қизилтепа туманинг 2-секторида жойлашган Ванғози маҳалласидаги Обит Муҳитдинов хонадонида узум кўчатларини экиш бўйича семинар ана шундай учрашувлардан бири.

Аҳоли хонадонларига узум кўчатларини экиш агротехник тадбирлари тушунтирилган семинарда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходимлари, туман ҳокими ўринбосарлари, тумандаги барча маҳалла раислари ва томорқа бўйича мутахассислар ҳамда маҳалладаги томорқа ер эгалари иштирок этди.

Қайд этиш керакки, Ванғози маҳалласида 786 та аҳоли хонадони мавжуд бўлиб, 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор ойларида 418 та хонадонда 4 180 та ток экилади. Аҳоли хонадонлари олдига узум кўчатлари экиш ва 4629 метр сўриток ташкил этиш режалаштирилган.

Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/uzumzorlar-qoshimcha-daromad-keltiradi_318695

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram