Ер ижара шартномасини ихтиёрий мажбурий бекор қилиш мумкинми?

Ер ижара шартномасини ихтиёрий мажбурий бекор қилиш мумкинми?_image

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда “Фермерларнинг ер участкаларини ўз хохиши билан топшириш ҳақида мажбурий равишда ариза ёздириб олинаётганлиги ҳақида” хабарлар тарқалмоқда.

Жумладан, ижтимоий тармоқда “Фермеров в Узбекистане запирают под замок и заставляют писать заявление о добровольной передаче земель государству” сарлавҳали мақола чоп этилиб, унда маҳаллий ҳокимликлар томонидан хуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ёрдами билан фермерларни хонага қамаб ижарага олинган ер майдонларини ихтиёрий равишда давлат захирасига топшириш ҳақида мажбурий равишда ариза ёздириб олинганлиги маълум қилинган.

Ер участкаларини ижарага олиш шартномаларини қонунчиликка зид равишда бекор қилиниши мамлакатимизнинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қуйидагиларни билдиришни лозим топди.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддасига мувофиқ,  ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.  

Иккинчидан, Ер кодексининг 36 ва 38-моддаларига кўра, ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда, ер участкаси берилган муддат тугаганда, юридик шахс тугатилганда бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинади.

Учинчидан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига кўра, ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 
8 июндаги ПФ-6243-сон “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 
4-бандига мувофиқ, туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилишга оид ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинган.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларига туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан фермер хўжаликларининг ер участкаларини ижарага олиш шартномасини қонун ҳужжатларига зид равишда бекор қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўриш юзасидан хат киритилди.

Ер қонунчилигининг такомиллаштирилиши кейинги йилларда фермер ва томарқа ер эгаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ифодасидир.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари кенгаши

ҳуқуқшуноси Санжар Исаев

https://human.uz/6/35/2780

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram