Ҳисоб-китоб фермерликнинг асоси

Қишлоқ хўжалиги

Фермер хўжаликларининг мустақил ва эркин фаолият юритиши жамият тараққиётининг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади. Уларнинг фаолиятида самарадорликка эришиш орқали халқ дастурхонига етказилаётган сархил мева-сабзавотларнинг сифатини яхшилашни таъминлаш, ўз навбатида, юртимизда мулкдорлар синфини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жиззах вилоятининг Арнасой ва Дўстлик туманларида фермерлар, томорқа эгалари ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ўтказилган семинар- учрашувларда Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси жойларда қандай бажарилаётганлиги борасида атрофлича фикр юритилди.

Унда қатнашган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Г.Сувонов, Жиззах вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раис ўринбосари Д.Норалиев ва бош ҳисобчи Б.Мамасолиев, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузуридаги Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари раҳбарлари ва маслаҳатчилари, Давлат солиқ инспекцияларининг масъул ходимлари соҳада мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, кенг кўламли ислоҳотлар борасида сўз юритди.

Семинарда соҳа мутахассислари ўзаро тажриба алмашиш билан биргаликда мазкур ҳуқуқий ҳужжат фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритишда аниқ механизмлар асосида ишни самарали ташкил этишда қўл келаётганлигини қайт этишди.

– Илгари фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш масалаларида муаммолар мавжуд бўлиб, ҳисоботларни юритишда мутахасис кадрлар масаласи билан боғлиқ ўзига хос қийинчиликларга дуч келинарди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Гавҳар Сувонов. – Мазкур тарихий ҳужжатнинг қабул қилиниши асосида жойларда Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ташкил этилди ва ҳозирги кунда бу тузилма тизим фаолиятидаги самарадорликни оширмоқда.

Қизғин ва мунозараларга бой тарзда ўтган мулоқотлар давомида Жиззах вилоятида, жумладан, Дўстлик, Арнасой ва Зарбдор туманларида фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисобини юритиш, аграр тармоқни янада ривожлантириш борасидаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни соҳага татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди.

Ҳар бир ишнинг ривожи кўп жиҳатдан ҳисоб-китобга боғлиқ. Хулоса ўринда айтиш мумкинки, қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантириш ва шу орқали халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, маҳсулотларга бўлган талабни қондириш, экспорт салоҳиятини яхшилаш борасида олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатлар, албатта, аниқ бухгалтерия ҳисоб-китоблари юритилиши орқали ҳаётга татбиқ этилади.Бу эса кўп жиҳатдан учрашув-мулоқотлар, семинарлар, ўзаро ҳамфикрлилик орқали таъминланади.

Жаҳонгир Галаев,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари

кенгаши етакчи мутахассиси.

https://uza.uz/uz/posts/hisob-kitob-fermerlikning-asosi_302094

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram