Бир қарич ернинг ҳам қадрига етиш деган тушунча қоғозда қолиб кетмасин

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда аграр соҳани ривожлантиришга эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар амалга оширилиб, хўжалик юритишнинг замонавий шакллари пайдо бўлди. Айниқса, хусусий мулкчилик шаклидаги фермер хўжаликларининг ташкил этилганлиги соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди. 

Дунё аҳолиси тезлик билан ўсаётган, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларига эҳтиёж ортиб бораётган ҳозирги шароитда халқимизни қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш, аграр соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигига алоҳида аҳамият бериш жоиз.

Бу борадаги энг устувор вазифа – сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ердан унумли фойдаланишдир. Бунинг учун биринчи навбатда ернинг ҳақиқий эгаларини топиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш, сақлаш, қайта ишлаш, экспортга йўналтириш, уларни маблағ билан таъминлаш каби комплекс масалаларни ҳал этиш керак бўлади.

Шу билан бирга, 2017 йил 9 октябрда қабул қилинган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони тизимда жиддий ўзгаришлар қилишга туртки берди. Шундан сўнг пахта-ғалла экишдан ташқари, чорвачилик, боғдорчилик, интенсив боғ яратишга эътибор ортди.

Фермер хўжалигимизнинг жами ер майдони 127,7 гектар. Жорий йилда 30 гектар майдонда буғдой етиштириб, гектаридан 65 центнердан ортиқ ҳосил олишга эришдик. 60 гектар майдонга чигит қадалди, айни кунларда етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари бошланган.

Бундан ташқари, чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 27 гектар ер майдонда 157 бош йирик шохли ва 160 бош майда шохли чорва моллари боқилмоқда. 15 гектар майдонда интенсив усулида боғ ва узумзор ташкил қилдик. Хўжалигимизда иш самарадорлигини ошириш учун хориждан юқори унумдорликни таъминловчи техникалар олиб келганмиз.

Фермер хўжалигимизда ҳозирги кунда 18 киши доимий иш билан банд ва уларнинг рўзғори ҳам шу ер ортидан тўкин бўлмоқда.

Нима демоқчиман, замон ўзгаряпти. Ён-атрофимизда одамларнинг тадбирли, ишбилармон бўлиб бораётганини кўриб билиб турибмиз. Шулар қаторида деҳқончилик, қишлоқ хўжалигига ҳам янгича ёндашув талаб этилади. Бир қарич ернинг ҳам қадрига етиш деган тушунча қоғозда қолиб кетмасагина ишимизда унум, самара бўлади. Биз айнан мана шу қоидага амал қилиб ишлашга ҳаракат қиляпмиз.

Бахшилло Қўлдошев,

Жондор туманидаги “Шавкат 2000” фермер хўжалиги раҳбари Ⓣ

https://kun.uz/15274223

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram