Гулида: Намунали томорқачи кўкрак нишони соҳиби бўламан

Ерга меҳр бериб меҳнат қилган, изланган одам, албатта, унинг роҳати, самарасини кўради.

 Бу фикр ҳозир ўйлаб топилгани йўқ, албатта. Бугунги кунда буни томорқадан унумли фойдаланаётган кўплаб инсонлар айтмоқда.

Тошкент вилояти Бўка туманидаги Жағайбайли маҳалласида яшовчи Гулида Эсонова халқимизнинг «Ерни боқсанг, ер сени боқади», деган пурмаъно ҳикматининг қанчалар ҳақиқат эканини англаб етган юртдошларимиздан бири. У замин ҳалоллик, эътибор кутишини таъкидлайди.

– Томорқа – ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи, – дейди томорқачи Г.Эсонова. – Қирқ йилдан буён мактабда дарс берган ўқитувчи сифатида ҳам бир парча ернинг фарзандлар тарбиясидаги аҳамияти қанчалар муҳимлигини яхши тушунаман. Ерда меҳнат қилиш инсонни ҳалолликка ўрганади. Бир парча ерга меҳр беролмаган инсоннинг ҳаётга муносабати ҳам шунга яраша бўлади. Томорқадан фойдаланиш маданияти қанча ошса, юртимизда турмуш маданияти ҳам шунча юксалади.

Эсоновлар хонадони мана тўртинчи йилдирки, икки сотихдаги иссиқхонадан мўл даромад олмоқда. Ҳосил чўғи ҳам йил сайин ортиб боряпти.

– Ўтган йилнинг декабрида экилган редискани январда йиғиб олдик, – дейди Гулида опа. – Кейин баҳорда очиладиган гул кўчатлари тайёрлаб, тумандаги ўндан ортиқ мактабга етказиб бердик. Уларнинг ортидан бодринг ва помидор кўчатларини етиштириб, бозорга чиқардик. Эҳтиёжимизга яраша бодринг кўчатларини экиб, ҳосил етиштирдик. Ҳозир иссиқхонада жандиқ экиб қўйдик.

Хонадон эгалари иссиқхонада экилган токнинг баргларини март ойида сотишганини ҳисобга олсак, кичик бир жойдан бир неча марта ҳосил олиб, 15 миллион атрофида даромад олганини билиш мумкин. Олдинда ҳали бозорда харидоргир жандиқ ҳосили турибди. Ўйлаб кўринг, агарда ҳар бир юртдошимиз икки сотихдан ана шундай унумли фойдаланиб, 15-20 миллион сўм атрофида даромад қилса, бозорларимиз янада тўкин, оилаларимиз янада фаровон бўлади.

Хонадонда икки қути асалари оиласи ҳам парваришланмоқда. Яна ўн сотих ерда бақлажон, булғор қалампири, сабзи каби рўзғор учун керакли барча сабзавотлар парваришланмоқда. Мевали дарахтлар ҳам мавуд бўлиб, биргина гилоснинг ўн туп дарахтидан ҳам яхшигина ҳосил олинди.

– Ҳовлимизда узумнинг “Ризамат ота” нави ҳосилга кирган, – дейди Г.Эсонова. – Ҳозир ундан кўчат тайёрлашни бошладик. Негаки, иссиқхона учун яна олти сотих ер олдик. Келгуси йилда ток кўчатларини ана шу иссиқхонага тўлдириб экамиз. Тувакларга экилган манзарали гулларни ҳам кўпайтирамиз.

Хонадон томорқасида бўлган киши омилкорлик билан иш тутаётган томорқачи меҳнати, изланишлари маҳсулига гувоҳ бўлади. Хонадондаги ҳамжиҳатлик, тўкин-сочинлик, тотувликка кўпчиликнинг ҳаваси келади.

– Маҳалламизда боқимандалик кайфиятидаги оилалар йўқ, – дейди “Жағайбайли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Диёр Абдуллаев. – Маҳалламизда 708 та оиланинг ҳар бири томорқадан самарали фойдаланмоқда. Асосан сабзавот экинлари етиштиришда яхши тажриба тўпланган. Бир неча оилани “Намунали томорқачи” кўкрак нишонига тавсия этдик. Улар орасида Эсоновлар хонадони ҳам бор.

Қайд этиш керакки, Президентимизнинг 2018 йил 26 июндаги “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонларини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистон фермер, деҳкон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши 2018-2020 йилларда “Меҳнаткаш деҳқон”, “Намунали томорқачи” ва “Илғор фермер” кўкрак нишонини мингдан ортиқ қишлоқ аҳолисига топширди. Айни кунларда бу йилги кўкрак нишони номзодларини саралаш босқичи давом этмоқда.

Сайёра Шоева, ЎзА

https://www.uza.uz/uz/posts/gulida-namunali-tomorqachi-kokrak-nishoni-sohibi-bolaman_296409

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram