Фермерга ер қайтариб берилди

Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан соҳада янги имкониятлар эшиги очилди.

Қарор билан Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бир қатор ҳуқуқларга эга бўлди. Хусусан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиши, судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиши мумкинлиги белгиланди.  

 Сўнгги йилларда Самарқанд вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам ер эгаларининг қонуний ҳуқуқ-манфаатларини судларда ва судгача бўлган жараёнларда ишончли ҳимоя қилмоқда. Кенгаш киритган даъво аризалари асосида фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари судлар орқали ҳимоя қилинмоқда. Масалан, Фуқаролик ишлари бўйича Ургут туман судининг 2021 йил 17 майдаги ҳал қилув қарори билан “Хуршед Юлдузхон янги ҳаёт” фермер хўжалигининг 0,20 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган С.Алиқуловдан қайтариб олинди. Самарқанд туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 1 февралдаги ҳал қилув қарори билан Ургут тумани ҳокимининг 2020 йил 22 сентябрдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилиб, фермер хўжалигининг ер майдони қайтариб берилди.  

 Судларга фермерлар манфаати ҳимояси йўлида 5 миллиард 790 миллион сўмлик 438 та даъво аризаси киритилди. Шундан 2 миллиард 498 миллион сўмлик 327 та даъво аризаси судлар томонидан қаноатлантирилиб, фермерларга етказилган зарарлар ундириб берилди. Масалан, кенгаш ўтказган мониторинг давомида Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган “Агро велес” фермер хўжалигининг 171 миллион 781 минг сўм пул маблағини “Самарқанд камалак инвест текстел” МЧЖ корхонаси асоссиз равишда тўлаб бермаётгани аниқланган. Аслида ҳам Пастдарғом туманидаги “Агро велес” фермер хўжалиги билан “Самарқанд камалак инвест текстел” МЧЖ корхонаси ўртасида пахта хомашёси етказиб бериш бўйича 2020 йил 29 майда шартнома тузилган бўлиб, корхона етказиб берилган маҳсулот учун тўловларни 2020 йил 31 декабрга қадар тўлаб бериш мажбуриятини олган. Бироқ қарздор “Самарқанд камалак инвест текстел” МЧЖ корхонаси фермерга маблағни асоссиз равишда тўлаб бермагани учун Пастдарғом тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Агро велес” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб, иқтисодий судга даъво ариза киритди. 2021 йил 17 май куни фермер хўжалигининг фойдасига 171 миллион 781 минг сўм пул маблағини ҳамда 23 миллион 705 минг сўм пеняни ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқди.  

 Буларнинг барчаси кейинги йилларда фермер ва томорқа ер эгалари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.  

 Ф.Умиров,  

Самарқанд вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи. 

https://uza.uz/uz/posts/fermerga-er-qaytarib-berildi_288331

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram