Ҳокимнинг қарори ҳақиқий эмас деб топилди

Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан соҳада янги имкониятлар эшиги очилди.

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бир қатор ҳуқуқларга эга бўлди. Хусусан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиши, судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиши мумкин.

Сўнгги йилларда яратилган имкониятлардан фойдаланаётган Тошкент вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам ер эгаларининг қонуний ҳуқуқ-манфаатларини судларда ва судгача бўлган жараёнларда ишончли ҳимоя қилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври туман ҳокимларининг фермерларнинг ҳуқуқларига зид бўлган 12 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилди.

Масалан, Нурафшон туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 19 апрелдаги ҳал қилув қарори билан Қибрай туманидаги «Турон Жаҳонгир» фермер хўжалигининг манфаатида Қибрай туман ҳокимининг 2019 йил 16 январдаги 0369-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

Шу каби, Нурафшон туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 19 июлдаги ҳал қилув қарори билан Бўстонлиқ тумандаги «Умидбек Фотима-Зуҳра» фермер хўжалигининг манфаатида Бўстонлиқ туман ҳокимининг 23 февраль 2019 йилдаги 1195-сон қарорини қисман ҳақиқий эмас деб, 2019 йил 22 февралдаги 704-сон қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

Бундан ташқари, фермер хўжаликларига тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан етказилган зарарларни судлар орқали ундириб бериш чоралари кўрилмоқда.

Масалан, тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи корхоналардан фермер хўжаликларининг ҳақдорлигини ундириш бўйича 5 млрд. 48 миллион сўмлик 523 та талабнома киритилди.

Ушбу талабномалардан 172 таси бўйича 609 миллион сўм судга кадар фермерлар фойдасига ундириб берилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра фермер хўжалигининг мулки хусусий мулк ва у давлат ҳимоясида. Бироқ бунга амал қилмаётган ва фермер фаолиятига тўсиқлар қўяётганлар ҳам топилиб туради.

Судларга фермерлар манфаатида 8 миллиард 859 миллион сўмлик 192 та даъво аризаси киритилди. Шундан 865 миллион сўмлик 84 та даъво аризаси судлар томонидан қаноатлантирилиб, фермерларга етказилган зарарлар ундириб берилди.

Масалан, Тошкент вилояти кенгашлари томонидан киритилган даъво аризаларга асосан Қуйичирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 18 сентябрдаги қарори билан “Maxsim Gold Tex” МЧЖ кластер корхонасидан «Ёқутхон Саид» фермер хўжалиги фойдасига 84 млн. сўм, «Амиршукур Шукурзариф» фермер хўжалиги фойдасига 27, 5 млн. сўм, «Ширин» фермер хўжалиги фойдасига 73,7 млн. сўм, «Нозим Муҳаммадқодир агро» фермер хўжалиги фойдасига 137 млн. сўм, «Жўра Рахмон» фермер хўжалиги фойдасига 200 млн. сўм, “Fertile Land” фермер хўжалиги фойдасига 58 млн. сўм, «Салим Абдуғаффор» фермер хўжалиги фойдасига 236 млн. сўм, жами 816 млн. сўм маблағлар фермерлар фойдасига ундириб берилди.

Буларнинг барчаси кейинги йилларда фермер ва томорқа ер эгалари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.

Ҳафиза Расулова,
Тошкент вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси 

https://uza.uz/uz/posts/hokimning-qarori-haqiqiy-emas-deb-topildi_287459

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram