Хоразмда 163 фермер хўжалигининг ҳақини ундириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан соҳада янги имкониятлар эшиги очилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бир қаторо ҳуқуқларга эга бўлди. Хусусан, фермер хўжалигини ташкил этиш истагини билдирган талабгорларни танлаш, уларнинг захирасини шакллантириш, малакасини ошириб бориш ва улар орасидан муносиб номзодларни ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясига тавсия қилиши мумкин. Шунингдек, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиши мумкин.

Бу каби имкониятлардан унумли фойдаланаётган Хоразм вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам ер эгаларининг қонуний ҳуқуқ-манфаатларини судларда ва судгача бўлган жараёнларда ишончли ҳимоя қилинмоқда.

Вилоят кенгаши жорий йилнинг ўтган даврида тўртта фермер хўжалиги манфаатини ҳимоя қилиб, туман ҳокимлари қарорини ҳақиқий эмаслиги юзасидан маъмурий судларга ариза киритди. Мисол учун, Хонқа туманидаги “Олимбой Рашид” фермер хўжалиги раҳбари О.Турдиев туман ҳокимининг 2021 йил 20 мартдаги қароридан норози бўлиб мурожаат йўллаган.

– “Олимбой Рашид” фермер хўжалигининг шикояти атрофлича ўрганилди, – дейди Хоразм вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Бобуржон Ҳудойберганов. – Аниқланишича, 2020 йил 29 августда “Олимбой Рашид” фермер хўжалиги раҳбари Хонқа тумани ҳокими номига 14,8 гектар ер майдонини туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб, қолган 92,4 гектарда шоличилик йўналишида фаолиятини давом эттиришга рухсат сўраб мурожаат қилган. Бунга сабаб, хўжалик Амударё ва Р-7 канали ёнида жойлашгани ҳамда бу атрофдаги тахминан 250 гектар ер майдонида бошқа фермер хўжаликлари шоличилик йўналишида фаолият юритиб келаётганлиги бўлган. Соҳа мутахассисларининг хулосасига кўра, Амударё ва Р-7 канали оқиб ўтганлиги сабабли вегетация даврида ер ости сизот сувлари сатҳи кўтарилиб, экин майдонларида агротехник тадбирларни тўлиқ бажаришга имкон бўлмайди.

Хонқа тумани ҳокимлиги “Олимбой Рашид” фермер хўжалигининг ушбу мурожаатини кўриб чиқиб, фермер хўжалигига ижарага ажратилган ер майдонининг бир қисмини туман заҳира ер фондига қайтариш тўғрисида” қарор қабул қилган. Унга кўра, “Олимбой Рашид” фермер хўжалигига тегишли бўлган 14,8 гектар ер майдони туман ҳокимлиги заҳира ҳисобига қайтарилиб, кейинчалик “Суҳроббек Эшчанбек” фермер хўжалигига берилган. Бунинг оқибатида Хонқа тумани ҳокимининг мазкур қарори билан “Суҳроббек Эшчанбек” фермер хўжалигининг ҳам ҳуқуқлари бузилмоқда.

Негаки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддасида “ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши” белгиланган. Ўзбекистон Республикаси “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида “ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувига эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши” белгиланган.

“Олимбой Рашид” фермер хўжалигининг қолган 92,4 гектар ерига шоличилик йўналишида янгидан 48 йил муддатга ижара шартномаси тузилган. Бироқ ҳозирда Хонқа тумани прокуратурасининг 2021 йил 15 мартдаги “Хонқа тумани ҳокимининг 02.09.2020 йилдаги 877қ-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисида”ги протестига кўра “Олимбой Рашид” фермер хўжалиги йўналишини ўзгартириш бўйича қабул қилинган Хонқа тумани ҳокимининг қарори бекор қилинди. Ваҳоланки, Хонқа тумани ҳокимлиги ва “Олимбой Рашид” фермер хўжалиги ўртасидаги узоқ муддатли ер ижара шартномасининг 16-бандида “Ушбу шартнома томонларнинг келишувига кўра, томонларнинг келишувига эришилмаган тақдирда эса суд қарорига кўра ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин”лиги белгилаб қўйилган.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 382-моддасида шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш асослари белгилаб қўйилган. Унга кўра, “Агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Шундай қилиб, Хонқа тумани ҳокимлиги “Олимбой Рашид” фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини белгиланган тартибда ўзгартириш киритмасдан “Олимбой Рашид” фермер йўналишини ўзгартириш ва ер майдонларининг бир қисмини туман ҳокимлиги заҳира ерлар ҳисобига қайтариш бўйича қабул қилинган 02.09.2020 йилдаги қарори бекор қилинди. Фермер хўжалигининг манфаати тикланишига эришилди.

Сайёра Шоева

https://www.uza.uz/uz/posts/horazmda-163-fermer-xozhaligining-haqini-undirish-yuzasidan-sudlarga-davo-arizalari-kiritildi_284538

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram