Томорқачилар учун ўқув марказлари ташкил этилмоқда

Мамлакатимизда барча соҳалар, жумладан, аграр тармоқда ҳам изчил ислоҳотлар давом этмоқда.

Соҳага оид жаҳоннинг илғор тажрибалари амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, томорқачиликда жорий қилинаётган агрокластерлар фаолияти соҳадаги ана шундай янгиликлардан.  

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги “Истиқлол баҳори томорқа хизмати” МЧЖ қошида ташкил этилган агрокластернинг фаолияти билан танишди.  

 Мазкур агрокластерда 12 турдаги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 4 миллиард 150 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган.  

 – 10 гектарда фаолият юритиш орқали “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган 30 ортиқ фуқароларни иш билан таъминладик, – дейди “Истиқлол баҳори томорқа хизмати” МЧЖ раҳбари Лазизжон Муродқулов. – Бу албатта, бошланиши. Режалаштирилган 12 та лойиҳанинг барчаси ишга туширилса, 130 та янги иш ўрни яратилади ҳамда 5 мингта кам таъминланган оила қамраб олинади.  

 Қайд этиш керакки, айни пайтда тумандаги 5 минг 236 та хўжаликда 988,3 гектар томорқа майдони мавжуд. Шунингдек, 4,61 гектар майдонда 384 та иссиқхона ташкил этилган. Ушбу майдонда сифатли ва мўл ҳосил етиштириш учун кўчат ва уруғликлар, агротехник ишлов бериш воситалари етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, сиғими 200 тонна бўлган музлатгич омбори, инкубатор, сутни қайта ишлаш ва қуритиш, ихчам иссиқхоналар қуриш, ем ишлаб чиқариш цехлари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.  

 Айни вақтда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш мақсадида аҳолига енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш ишлари бошлаб юборилди. Қарийб 1 гектардаги иссихонада лимон, помидор ва бодринг етиштирилмоқда.  

 Ишчи гуруҳ аъзолари ташриф давомида жамият қошидаги ўқув марказининг расмий очилиш маросимида иштирок этди. Мазкур ўқув марказида аҳолига томорқачилик, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчиликда қўл келадиган назарий ва амалий билимлар берилади.  

 С.Шоева


https://uza.uz/uz/posts/tomorqachilar-uchun-oquv-markazlari-tashkil-etilmoqda_282160

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram