Янгиободда томорқачилар учун янги ўқув маркази иш бошлади
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотлар сабаб, барча соҳаларда жаҳондаги илғор иш тажрибаларини таҳлилий ўрганган ҳолда, маҳаллий шароитларга мослаштириб тадбиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда. Буни томорқачилик соҳасига жорий қилинаётган агрокластер мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги O’zLiDeP Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилоти фаоллари, Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари вилоят Кенгаши ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Янгиобод туманидаги “Истиқлол баҳори томорқа хизмати” МЧЖ қошида ташкил этилган агрокластернинг фаолияти билан танишдилар.
Мазкур агрокластер 12 та лойиҳани амалга ошириши режалаштирилган. Бунинг учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қуватлаш жамғармаси томонидан 4 млрд. 150 млн. сўм пул маблағлари ажратилган.
Маълумотларга назар соладиган бўлсак, айни пайтда тумандаги 5236 та хўжаликда жами 988,3 гектар томорқа майдони мавжуд. Шунингдек, 4,61 гектар майдонни эгаллаган 384 та иссиқхоналар ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Уларга жамият томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун кўчат ва уруғликлар, агротехник ишлов бериш воситалари етказиб берилмоқда. Шунингдек, етиштирилган воситаларни сақлаш учун сиғими 200 тонна бўлган музлатгич омбори, инкубатор, сутни қайта ишлаш ва қуритиш, ихчам иссиқхоналар қуриш, ем ишлаб чиқариш цехлари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Ташриф давомида ишчи гуруҳ аъзолари яна бир янгилик – жамият қошида Ўқув марказининг расмий очилиш маросимида иштирок этдилар. Мазкур ўқув марказида аҳолига томорқачилик, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчиликда қўл келадиган назарий ва амалий билимлар берилади.
-Ҳозирги кунда 10 гектар ер майдонида фаолиятимизни олиб бориш орқали 35 та иш ўрни яратганмиз. Эътиборли томони, улардан 30 нафари тумандаги “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқаролардир, – дейди “Истиқлол баҳори томорқа хизмати” МЧЖ раҳбари Лазизжон Муродқулов. – Бу албатта, бошланиши. Режалаштирилган 12 та лойиҳанинг барчаси ишга туширилса, 130 та янги иш ўрни яратилади ҳамда 5 мингта кам таъминланган оилалар қамраб олинади.
Дарҳақиқат, режалар кўлами салмоқли. Айни пайтда аҳолига енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб бериш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда. Салкам 1 гектар майдонда етиштирилаётган лимон, помидор, бодринг сингари маҳсулотлар етиштирилмоқда.
Ташриф давомида маслакдошларимиз “Истиқлол баҳори томорқа хизмати” МЧЖ ишчи ва ходимлари, томорқачилар билан ҳам яқиндан мулоқотда бўлдилар. Мулоқот чоғида жойлардаги мавжуд муаммолар ечимига алоҳида эътибор қаратилиб, фуқароларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Шерзод Маматқулов,
O’zLiDeP Жиззах вилоят ҳудудий партия
ташкилоти аппарат раҳбари
https://uzlidep.uz/news-of-party/9480