Шерободда эҳтиёжманд ва ишсиз оилаларга ғалладан бўшаган ерлар бериляпти

Сурхондарёнинг Шеробод туманида бу йил ғалладан бўшаган майдонлар 12,2 минг гектарни ташкил этади. Ғалладан бўшаган майдонлар — такрорий экинлар орқали минглаб оилаларга даромад олиш имкони дегани.

Тумандаги мазкур ғалладан бўшаган ерларнинг 20 фоизи такрорий экинлар учун фермер ва деҳқонларнинг ўз эҳтиёжларига сарфланади. Қолган барча ерлар фойдаланиш учун бошқа фуқароларга берилади.

Такрорий экин учун мазкур ерлар биринчи навбатда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга берилади. Шунингдек, эҳтиёжманд ҳамда ишсиз бўлган аҳоли вакилларига ҳам ажратилади.

Оилаларнинг имкониятига қараб бир марталик мавсумий фойдаланиш учун ерлар 20 сотихдан ярим гектаргача берилади. Айни кунларда туманнинг қатор ҳудудларида фермер хўжалиги дала майдонларидан ер ажратиб бериш ишлари бошлаб юборилди.

Жумладан, 4-сектор ҳудудидаги “Ботош” фермер хўжалиги даласида ҳам семинар ташкил этилиб, ушбу даладан яна 51 нафар ишсиз аҳоли вакилларига 20 сотихдан деҳқончилик билан шуғулланишлари учун ер ажратиб берилди.

Семинар давомида ер олган фуқароларнинг саволларига Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари ҳамда соҳа вакиллари жавоб берди. Шунингдек, мазкур тадбирларда туман ҳокими З.Давлатов ва такрорий экин бўйича вилоятдан бириктирилган вакиллар, сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, тумандан бириктирилган масъуллар ва туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, фермер хўжалик раҳбарлари иштирок этмоқда.

Ажратилган ерларда ҳозирда шудгорлаш ишлари бошланган.

Шерободда эҳтиёжманд, ишсиз аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга зарур даромад манбаи яратиш, ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун кўмаклашиш мақсадида қилинаётган бу каби ташаббуслар биринчи марта эмас. 2020 йилда ҳам кўплаб аҳоли худди шу йўсинда деҳқончилик қилиб фойда олган.

Хусусан, “ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси асосида ёшларга бир гектардан ер ажратиб берилган ва бу ижобий натижа берган эди.

 Шеробод туман ҳокимлиги ахборот хизмати 

https://kun.uz/news/2021/06/17/sherobodda-ehtiyojmand-va-ishsiz-oilalarga-galladan-boshagan-yerlar-berilyapti

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram