Ғалла – 2021: “Ҳожи Абдулла Акбар” фермер хўжалиги Тўрткўлда биринчи бўлиб режани бажарди
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Ҳожи Абдулла Акбар” фермер хўжалиги биринчилардан бўлиб ғалла топшириш бўйича давлат шартнома режасини бажарди.
Туманда жорий йилда 3800 гектар ерда буғдой етиштирилган бўлса, шундан 316,7 гектарини уруғлик ташкил қилади.Ўрим-йиғим ишларида 14 та отряд шакллантирилган бўлиб, ғаллани манзилга етказишда 42 та техника жалб қилинди.
Жорий йилда туманда янги Тритикале буғдой нави ҳам экилди. Краснодардаги олийгоҳдан олиб келинган буғдойнинг ушбу навининг бўйи 170-180 сантиметр бўлиб, асосан чорвачиликка мўлжалланган. Совуқ ҳавога, ўсимликларда учрайдиган ҳар хил касалликларга чидамли ҳисобланади. Жами 5,7 гектар майдонга экилган ушбу навдан юқори ҳосилдорлик кутилмоқда.
Ғалла ўрим-йиғимига бағишланган кўргазмали семинарда мутасаддилар ва соҳа вакиллари буғдой далаларини кўздан кечириб, ғалла ҳосилдорлиги бўйича ўзларининг фикр- мулоҳазаларини билдирди. Тадбир якунида давлатга ғалла топшириш бўйича шартнома режасини биринчилар қаторида бажарган “Ҳожи Абдулла Акбар” фермер хўжалиги раисига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА