Бағдодлик ғолиб фермерга ҳоким совғаси топширилди

Қишлоқ хўжалигида ҳаётий тажрибаларни илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар асосида ривожлантиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар соҳа истиқболини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Айниқса, ғаллачиликда кластер ва фермер хўжаликларида илғор тажрибалар ўзлаштирилиб, мўл ҳосил олишга хизмат қиляпти.

Фарғона вилояти Бағдод туманида ташкил этилган “Бағдод қишлоқ хўжалиги техника ММТП” масъулияти чекланган жамияти  ғаллачилик кластери томонидан жорий йилда 7 минг 860 гектар ерда ғалла парваришланиб, сифатли ва мўл ҳосил етиштирилди. Ғалла мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида 26 та ўрим-йиғим отрядлари ташкил этилиб, 30 га яқин юқори унумли комбайнларда элимизнинг ризқ-насибаси йиғиб олиняпти.    

Марказий Фарғонанинг чўл ҳудудида жойлашган “Мажнунтол ифори” фермер хўжалиги аъзолари 44,4 гектар ғалла майдонидан қисқа иш кунида 120 тоннадан зиёд қирмизи дон олиб, туманда биринчи бўлиб шартнома режасини бажарди.

Бағдод туман ҳокими Восилжон Назаров фермер хўжалиги даласида бўлиб, фермерни улкан ютуқ билан қутлади ва эсдалик совғалари топширди.

–  Ғаллачилик кластери кўмагида барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ўтказилиб, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан ишлаш беришда янгиликлар амалиёт кенг жорий этилгани катта самара берди,-дейди фермер хўжалиги раҳбари Сойибжон Мелиев. – Айни пайтда ўрилмаган майдонларимиз бор. Ўзимизга ва аъзоларга етарли қисмини олиб, қолган ғалланиям давлат омборларига топширишни режалаштирганмиз. Ҳосилдорлик ўртача 55-60 центнерни ташкил этмоқда.

М. Сулаймонов,ЎзА.

https://uza.uz/uz/posts/bagdodlik-golib-fermerga-hokim-sovgasi-topshirildi_274664

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram