“Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси
Бухоро вилояти Бухоро туманидаги “Шаҳриёр Фозил” фермер хўжалиги раҳбари М.Қаҳҳоров Лоша агрокимёҳимоя туманлараро филиалида 12.7 миллион сўмлик олдиндан тўлови мавжуд бўлсада, филиал томонидан хўжаликка азот ўғити берилмаётганлигидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига pm.gov.uz электрон почтаси орқали мурожаат йўллаган.
– Мурожаат вилоят адлия бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди, – дейди вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Бекзод Нишонов. – Натижада Лоша агрокимёҳимоя туманлараро филиали томонидан “Шаҳриёр Фозил” фермер хўжалигига 4500 кило ўғит азоти етказиб берилиши таъминланди. Мурожаат ижобий ҳал этилди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки бу каби ҳолатлар гоҳ гоҳида учраб туради. Шунга кўра, Адлия вазирлиги ташаббуси билан адлия органлари томонидан жорий йилнинг июнь–декабрь ойларида “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси ўтказилмоқда. Мазкур акция доирасида адлия ходимлари ва “Мадад” ННТ томонидан фермерларга ҳуқуқларини тушунтириш тадбирлари, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда фермерларнинг мурожаатлари ўрганилиши олиб борилмоқда. Фермер хўжаликларининг муаммоларини аниқлаш бўйича сўровлар ўтказиш орқали соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.
Бугунги куннинг пойдевори бўлмиш фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши уларнинг эркин бозор муносабатларига киришига ва уларнинг фаолиятида шартномавий муносабатларнинг мустаҳкамланишига ҳамда энг муҳими соҳага инвестициялар кириб келишига имкон яратади.
Зариф Комилов, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/fermerga-madad-huquqiy-akciyasi_274678