Спикер ўринбосари Қоракўлдаги “REAL TEKS QORAKO’L” МЧЖда бўлди
Республика Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг спикер ўринбосари Актам Хаитовнинг вилоятимизга навбатдаги ташрифида Қоракўл туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш субъектлари ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.
Биргина “REAL TEKS QORAKO’L” МЧЖ фаолияти мисолида масалага таҳлилий қаралди. Бу ерда ҳозирда ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси доирасида ибратли саъй-ҳаракат бошланган. “Хўжалар” МФЙда, 8,5 гектар майдонда жойлашган корхона фаолиятини янада самарали ташкил қилиш мақсадида “Temsan Ic ve Dis Ticaret Limited Sirketi”, “Rieter Machine Works Ltd.” ташкилотлари томонидан Туркия ва Швейцария давлатларидан технологик ускуналар харид қилиниб, келтириб ўрнатилган. Айни пайтда бу лойиҳанинг йиллик қуввати 5 минг 113 тонна ип калава ишлаб чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятли. Мазкур лойиҳа қиймати эса 11,1 миллион еврога тенг.
Ўтган йили корхона томонидан ишлаб чиқарилган 4 миллион 688 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилинган. Айни пайтгача унинг цехларида жами 420 та янги иш ўрни яратилган. Спикер ўринбосари “REAL TEKS QORAKO’L” МЧЖ фаолиятини ўрганар экан, келгусида бу ерда илғор технологиялардан унумли фойдаланиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш туфайли аҳоли бандлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш борасида ўз тавсияларини берди.
Актам Хаитов бу ерда тайёрланаётган маҳсулот сифатини кўздан кечириш асносида цехларда ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароит, улар моддий манфаатдорлигини ҳам ўрганди.
O’zLiDeP вилоят Кенгаши матбуот хизмати