Томорқа ер эгалари учун навбатдаги маҳорат дарси ташкил этилди
Пандемия туфайли дунёнинг кўплаб давлатларида озиқ-овқатга бўлган эҳтиёж ошиб бормоқда. Шу боисдан озиқ-овқат хавфсизлиги энг муҳим глобал масалалардан бирига айланмоқда.
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада томорқадан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, деҳқонларимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани етиштирилаётган маҳсулот ҳажмини оширишда қўл келмоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бу борада қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларига яқиндан кўмаклашиб, уларга қайси экинни қайси муддатларда экиб, мўл ҳосил олиш мумкинлиги, қайси касаллик ёки зараркунандага қарши курашишнинг аниқ муддатлари ҳақида маълумот ва тавсиялар бериб бормоқда.
Жумладан, Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги Жомбой кўчатчилик ўқув марказида бўлиб ўтган маҳорат дарсида ҳам айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
“Жомбой кўчатчилик томорқа хизмати” МЧЖ негизида ташкил этилган томорқачилик кластерида томорқадан самарали фойдаланиш афзалликлари, 3-4 маротаба ҳосил олиш сирлари, хусусан, саримсоқпиёз экиш ва парваришлашга бағишланган маҳорат дарсида вилоятнинг Жомбой, Булунғур, Тайлоқ, Ургут, Самарқанд туманларидан келган томорқа ер эгалари ва маҳалла вакиллари иштирок этди.
Ўқув дарси давомида Жомбой туманида яшовчи Раъно Астонова хонадонида етиштирилаётган саримсоқпиёзнинг ҳолати ўрганилди. Бу экинни етиштириш бўйича қисқа ва фойдаланишга қулай бўлган ўқув қўлланмалари тарқатилди.
Иштирокчилар саримсоқпиёз етиштириш ва томорқа тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
ЎзА
https://www.uza.uz/uz/posts/tomorqa-er-egalari-uchun-navbatdagi-mahorat-darsi-tashkil-etildi_273356