Маҳорат дарслари самарали бўлмоқда

Ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши жойларда ҳудудлараро маҳорат дарслари ва учрашувлар ўтказмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири Жиззах вилоятида бўлиб ўтди. Унда  Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Ҳаитов, вилоят кенгаши раиси А.Эшматов Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент, Самарқанд вилоятларидан келган намунали ва тажрибали томорқачилар билан биргаликда Ш.Рашидов туманидаги бир қатор хўжаликлар фаолияти билан танишди. Хусусан,  “Гулчи опа томорқа хизматлари” МЧЖда ташкил этилган томорқачиликни ривожлантириш ўқув маркази фаолияти уларда қизиқиш уйғотди.  

Иштирокчилар ўқув марказида паррандачилик, беданачилик, қуёнчилик, чорвачилик ва бошқа йўналишларни ривожлантириш борасидаги тажриба билан танишди.

Марказ ходимлари томорқачиликни ривожлантириш бўйича қизиқувчиларни ўқитиш ва бошқа вилоятларнинг намунали деҳқон ва томорқа ер эгалари билан доим тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.  

Барча саволларга  ўқув маркази ва “Гулчи опа томорқа хизматлари” МЧЖ раҳбари Ш.Нориева ва марказнинг малакали ходимлари жавоб берди.

Ўқув марказида йиғилганлар ушбу учрашувдан сўнг Ш.Рашидов туманида “Обод маҳалла” дастурига тушган Нонисангил маҳалласининг намунали  хонадонларида ҳам бўлди.  

Фарғона вилоятининг намунали томорқачилари сўзга чиқиб, узумчиликни ривожлантириш учун ўқув маркази ташкил этилса, билим ва кўникмаларини ўргатишга тайёр эканлигини билдирди. Бу таклифни Ш.Рашидов тумани ҳокими қўллаб-қувватлаб, бунинг учун 2 гектар ер майдони ажратиб берадиган бўлди. Самарқанд ва Фарғона вилояти вакиллари ўзлари олиб келган кафолатли кўчатлар экилишини амалда кўрсатиб берди.

Қайд этиш керакки, маҳорат дарсларига туман кенгаши раислари “Томорқа хизмати” МЧЖлар, деҳқон хўжалиги рахбарлари, томорқа ер эгалари ва маҳалла фаоллари иштирок этмоқда.

ЎзА.

https://www.uza.uz/uz/posts/mahorat-darslari-samarali-bolmoqda_271464

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram