Ердан самарали фойдаланишда ўзига хос тажриба мактаби

Шавкат Тошхўжаев 3,5 сотих томорқасининг 1,5 сотихига «Межиган» навли олмадан иборат интенсив боғ барпо қилди.

Эътиборли жиҳати, ердан оқилона фойдаланиш мақсадида кўчатлар орасида ошкўк ва саримсоқпиёз каби экинлар ҳам етиштирмоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Хаитов куни кеча Балиқчи туманидаги Омонариқ маҳалласи аҳолиси билан бўлган учрашувда Ш.Тошхўжаевнинг хонадонида бўлди.

1,5 сотихдаги интенсив олма боғидан ўтган йили 1,5 тоннагача ҳосил олинган бўлса, дарахт орасидаги экинлардан йилига 3 мартагача ҳосил олинмоқда.

– Боғимизда ҳандалак етиштирдик, – дейди Ш.Тошхўжаев. – Бир тарафда картошка гуллаб турибди, бир қисмида тўқсонбости усулида саримсоқпиёз экилган. Ҳозиргача саримсоқпиёзнинг бир қисмини сотиб, 8 миллион сўм атрофида даромад олдик. Иккита иссиқхонамиз ҳам бор, уларнинг бирида помидор-бодринг, иккинчисида цитрус меваларнинг турли навлари парвариш қилиняпти. Хусусан, банан бу йил ҳосилга кирди. Шу тариқа бир йилда 30-40 миллион сўм даромад оламиз.

Хонадон соҳибининг айтишича, инсон эҳтиёжи учун керак бўладиган барча мева-сабзавотлар томорқадан чиқади. Бунинг учун озгина эътибор ва меҳнат қилиш кифоя.

 ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/erdan-samarali-foydalanishda-oziga-xos-tazhriba-maktabi_271180

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram