“Томорқа хизмати” – аҳолига ўз томорқасида сифатли маҳсулот етиштиришида кўмакчи

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси спикер ўринбосари А. Хаитов кеча Бухорога ташриф буюрганди. Бугун у вилоятнинг Жондор тумани, Самунчуқ МФЙ ҳудудида жойлашган “Жондор томорқа хизмат агро таъминоти кластер”ида бўлиб, бу ерда қилинаётган ишлар билан танишди. Кластер раҳбари Жаббор Ортиқовга фаолиятини янада ривожлантириши учун ўз тавсияларини айтди. Бундан ташқари, Актам Хаитов вилоятдаги томорқа хизмати раҳбарлари билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммо ва камчиликларини ўрганди. Келгусида қилишлари зарур бўлган ишларни ўз вақтида бажаришлари бўйича бир қатор топшириқлар берди. Шунингдек, спикер ўринбосари кластернинг афзаллиги борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Таъкидландики,  вилоятда 2018–2021 йилларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 27 млрд сўм ресурс ажратилиб, 1200 та хонадонга кенгаш ҳузуридаги “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан иссиқхона, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, уруғ ва кўчатчилик, дала дўконлари қуриш ҳамда сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда артезиан қудуқ қазиш ва бошқа лойиҳалар учун имтиёзли кредитлар расмийлаштириб берилди.

 2021 йилнинг биринчи чорагида Фермер,  деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида Фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш Жамғармаси маблағлари ҳисобидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига, “Томорқа хизмати” МЧЖларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун жами 2,800 млн. сўм пул маблағлари ажратилган.

Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи давомида вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинганди.

Шу мақсадда вилоятда аҳоли томорқаларида кўкат, пиёз, саримсоқпиёз ва сердаромад сабзавот экинларини экиш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан келишилган ҳолда тасдиқланиб, шу асосда ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Вилоятда “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари негизидаги 6 та кластерга 28 млрд сўм фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан ажратилиши режалаштирилган.

Бу кластерлар аҳоли томорқасида маҳсулот етиштириш учун уруғлик, кўчатлар етказиб беришдан бошлаб, етиштирилган маҳсулотни харид қилиш ва ундан якуний маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ жараённи ўз ичига қамраб олган ишлаб чиқариш корхоналаридир. Ишлаб чиқаришнинг бундай тўлиқ кўламда ташкил қилиниши орқали янги иш ўринлари ҳам яратилмоқда.

Бундан ташқари, кластер  ҳузурида бир неча турдаги омборхоналар ва мева-сабзавотлар сақлашга мўлжалланган музлатгичларни ҳам қуриш ишлари давом этмоқда.

Бу ерда бугунги кунда 600 тонна маҳсулот сиғимига эга музлатгич қуриб битказилган ва олма, узум, қовун ва бошқа шу турдаги маҳсулотлар сақланмоқда. Кластер маҳсулотни ўзи ишлаб чиқаради, қайта ишлайди ва шу ердан мижозларга экспорт қилади.  Бу ҳудудда жами талаб этиладиган маблағ 9 млрд 530 млн. сўм, шундан: 8 млрд 80 млн. сўм жамғарма маблағи, 1 млрд 450 млн. сўм ўз маблағидан режалаштирилган.

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram