Томорқадан самарали фойдаланиш – бугуннинг энг долзарб юмуши

Жиззах вилоятида 176,1 минг аҳоли хонадони ва деҳқон хўжаликларига қарашли 25 минг 180 гектарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилаётир. Шундан 3,4 минг гектар майдонда кузги тўқсонбости экинлар парваришланмоқда.

Қонунчиликда деҳқон хўжаликлари аъзолари ҳамда 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорда тўлаш орқали бир йил меҳнат стажига эга бўлиши белгилаб қўйилгани аҳолини томорқа хўжалигидан самарали фойдалантиришга рағбатлантираётир.  

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 апрелда “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни соҳада туб бурилиш ясашга хизмат қилмоқда. Ушбу қарор билан тузилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан жорий йилда вилоятимизга 6,1 миллиард, жумладан, март ойида 2,5 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.  

Ушбу маблағ томорқа эгалари сони, эҳтиёж ҳисобга олиниб, ҳудудларга тақсимланди. Жумладан, Арнасой туманига 517 миллион, Бахмал туманига 30 миллион, Дўстлик туманига 15 миллион,  Ғаллаорол туманига 116 миллион, Шароф Рашидов туманига 1 миллиард 353 миллион, Зарбдор туманига 27 миллион, Зафаробод туманига 15 миллион, Зомин туманига 85 миллион, Мирзачўл туманига 18 миллион, Пахтакор туманига 15 миллион, Фориш туманига 60 миллион, Янгиобод туманига 69 миллион ва Жиззах шаҳрига 202 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди.  

Кредит маблағи аҳоли томорқаларига баҳорги экинлар, мевали боғ ва узум кўчатлари экиш, ихчам иссиқхоналар барпо қилиш, “Аёллар”, ”Ёшлар” дафтаридаги фуқароларга кўмаклашиш, “Томорқа хизмати” корхоналари фаолиятини кенгайтириш учун йўналтирилмоқда.  

Имтиёзли кредитнинг ҳар бир сўмидан ўз ўрнида ва самарали фойдаланиш мақсадида туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ишчи гуруҳи секторлар ва маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларнинг томорқачилик эҳтиёжи ва имкониятлари ўрганиб чиқилиб, семинарлар ташкил этилди.  

Вилоятнинг тажрибали деҳқонлари иштирокида маҳаллаларда томорқа маданиятини ошириш бўйича кўргазмали семинарлар ташкил этилди, уларда 1 минг 230 нафар томорқа ер эгалари иштирок этди. Жумладан, Ғаллаорол, Бахмал, Зомин, Фориш, Янгиобод, Шароф Рашидов, Мирзачўл туманларидаги семинарларда томорқачилик бўйича 480 та қўлланма китоблар тарқатилди, 68 та кўтарилган муаммоларнинг ечими топилди.  

Ўрганишлар ва семинарлар давомида 120 нафар фуқаронинг иссиқхона қуриш, 123 нафари парранда, қуён, асалари боқишга, 1 та ҳудудда артезиан қудуғига эҳтиёжи борлиги аниқланди. Маҳаллаларда 5 та мотокультиваторга буюртма шакллантирилди, тижорат банклари орқали молиялаштирилди.

Туманларда ташкил этилган “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан аҳолига уруғлик, кўчатлар етказиб бериш, техника, кимёвий ишлов ва бошқа хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.

“Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили” асосида муайян маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш орқали маҳаллалар ва томорқа хизмати корхоналарининг кооперацияси ташкил этилгани яхши самара бермоқда.

Айни пайтда аҳоли томорқаларига баҳорги экинлар, жумладан, сабзавотлар ва мевали дарахт кўчатларини экиш бўйича туман секторлари масъуллари ва маҳалла фаоллари билан биргаликда маҳаллабай ва хонадонбай юриб амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.

Республика фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузуридаги Қува томорқачилик марказидан 18,8 минг туп мевали дарахт кўчатлари келтирилиб, вилоят аҳолисига арзон нархларда тарқатилди. Шунингдек, 146 минг дона эртага помидор, булғор қалампири, бақлажон ва бошқа сабзавот кўчатлари экилди.

“Аёллар дафтари”даги 1 минг 130 нафар хонадонга иқтисодий ўзини тиклаб олган фермерлар ва томорқа хизмати корхоналари бириктирилди. Эҳтиёжманд оилаларга 3 минг туп мевали, 9 минг дона сабзавот кўчатлари бепул тарқатилди, 12 та ихчам иссиқхоналар қуриб берилди.

Шу билан бирга, 19 мартдан 3 апрелга қадар кенгаш ишчи гуруҳлари, сектор ва маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма уй юриш орқали 7,4 минг хонадонда тарғибот ишлари олиб борилди, шу даврда 3,6 минг хонадонда озиқ-овқат экинлари экиш ишлари йўлга қўйилди. 372 нафар хонадон эгасига ўн кун мудддатда экишни ташкил этмаса, ер солиғи уч бараварга оширилиши ҳақида расман огоҳлантириш берилди.

Вилоятда уйма-уй ўрганишда аниқланган экиш ишлари суст бўлган маҳалла алоҳида назоратга олиниб, кўргазмали семинарлар, томорқаларни экишга тайёрлаш, тарғибот ва кўчатлар эктириш ишлари давом эттирилмоқда.

Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва  камбағалликни қисқартиришда томорқадан самарали фойдаланиш бугун кун тартибдаги энг долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди. Амалга оширилаётган ишларда ҳам шу мақсад кўзда тутилган.

Шунинг учун экиш ишлари суст ташкил этилган маҳаллалар ва хонадонларда сусткашликка, беғамликка барҳам бериш учун туман секторлари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ишлар давом эттирилмоқда.

Анорбой Эшматов,

Ўзбекистон қаҳрамони, Жиззах вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси.  

https://www.uza.uz/uz/posts/tomorqadan-samarali-foydalanish-bugunning-eng-dolzarb-yumushi_259159

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram