Қишлоқ хўжалиги вакилларига янги қонун моҳияти тушунтирилмоқда

Мамлакатимизда фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари учун қатор имтиёз ва енгилликлар яратилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда ердан самарали фойдаланиш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди, ердан самарали фойдаланган томорқа ер эгаларини рағбатлантириш механизми жорий этилди.

Жорий йилнинг 1 апрелида Президентимиз томонидан имзоланган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида» ва «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари деҳқон хўжаликлари ва томорқачилар фаолиятини янада ривожлантириш, ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан Боёвут туманида деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари иштирокида мазкур қонунлар мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Сирдарё вилоятида 151 мингдан ортиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари 18,8 минг гектар экин ерларидан фойдаланмоқда. Ҳар бир томорқа ер эгаси ва фермер эркин ҳолда деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик ва бошқа соҳалар билан шуғулланиши ва барқарор даромад олиши учун кенгаш ходимлари бор кучни сафарбар этиб келмоқда. Жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйган ҳолда уйма-уй юриб, уларни қийнаётган масалаларни тизимли ҳал этаётир.

С.Айний маҳалласида бўлиб ўтган семинарда тадбиркорлик ва деҳқончиликда алоҳида ўринга эга уста деҳқон Х.Ўсаров тадбир иштирокчиларига томорқачилик сир-асрорлари хусусида сўзлаб берди. Томорқасининг 2 сотихли иссиқхонасида кўчатчилик ташкил этиб, етиштирган помидор, бодринг, булғор қалампири ва бошқа кўчатлардан 25 миллион сўм даромад топаяпти.

– Излаган имкон топади, — дейди С.Айний номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ф.Шукуров.

– Ҳозирги кунда маҳалламизда кўплаб хонадон эгалари йилига 5-10 минг дона кўчатни ички бозорга чиқариб, яхшигина даромад олаяпти. Энди аҳолимиз етиштирган маҳсулотини ўзи хоҳлаган нархда сотиши, керак бўлса, экспортга чиқариши мумкин. Бу эса бозорларимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлиши ва рақобат муҳити шаклланиши учун муҳит яратади.

Шу куни тумандаги бошқа бир қатор томорқачилар хонадонларида ҳам маҳорат дарси шаклида тадбирлар ўтказилди. “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун юзасидан савол-жавоб ва баҳс-мунозаралар ўтказилди. Ундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилган бир қатор хотин-қизларга бевосита семинар давомида помидор, булғор қалампири ва аччиқ қалампир кўчатлари ҳамда сабзавотларнинг уруғлари тарқатилди.

https://www.uza.uz/uz/posts/qishloq-xozhaligi-vakillariga-yangi-qonun-mohiyati-tushuntirilmoqda_259377

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram