Фермерлик ҳаракати натижа бердими, унинг келажаги қандай?
Ижтимоий тармоқларда қишлоқларда кичик ер эгалари синфини юзага келтириш Ўзбекистон иқтисодиёти учун қандай вазифаларни бажариши мумкинлиги кўп бора муҳокама қилинмоқда.
Ерга бўлган муносабат, ҳар қарич ердан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этиш, бунинг учун ерни ҳақиқий эгасига, фидойи деҳқонга бериш муносабатлари бугунги кун ҳолатига жуда мос ҳолат, албатта. Ўйлаб кўрадиган бўлса, мамлакатимизда ўтган асрнинг 90-йиллари бошида фермерчилик ҳаракати бошланиб, унга тегишли кўплаб қонунлар ва меъёрий нормалар қабул қилинди.
Айни вақтда уларнинг самараси ва келгусидаги режалар ҳақида Андижон вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Фарҳодбек Набижонов қуйидагиларни сўзлаб берди.
–Хабарингиз бор, – Ф.Набижонов. – Мамлакатимизда 2005-2008 йилларда ер эгалигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар натижасида ширкат хўжаликлари тўлиқ тугатилди. Улар негизида фермер ва деҳқон хўжаликлари ташкил этилди. Натижада ер эгалиги борасида бир қанча ижобий ўзгаришлар юз бериб, ислоҳот самараси кўзга ташланмоқда.
Бугунги кунда Андижон вилоятида ҳам ердан фойдаланувчилар пахта ва ғалла етиштириш баробарида, қўшимча бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирмоқда. Қўшимча ишчи ўринлари яратиш борасида ижобий қадамлар ташланди, юзлаб тадбиркорлар гўшт, сут, мева, сабзавот етиштириш ва қайта ишлашни жорий этишди.
Ҳозирда эса Андижон вилоятида ҳам агар тармоқда кластерлар фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳисобига янги ишчи ўринлари яратилмоқда. Деҳқон ўзи етиштирган хомашёни ўзи қайта ишлаб, тайёр маҳсулот қилиб сотмоқда, энг мақтанишга арзигилик томони энди тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариб, жаҳон бозорига чиқиш имкониятлари яратилди.
Айниқса, пахтачилик соҳасида кластер ўзи етиштирган хомашёни толага ва иккиламчи маҳсулотларга айлантириш, йигириш, тўқиш, тикиш каби жараёнларни ўзи амалга ошириб, қишлоқдаги ёшларни янги иш ўринлари билан таъминламоқда, бугунги кунда уларни нормал иш ҳақлари билан таъминламоқда.
Ғаллачилик, боғдорчилик, узумчилик ва сабзавот тармоқларида кластерлар фаолиятини йўлга қўйиб, ишчи ўринларини кўпайтиришга хизмат қилаётганлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Қишлоқларда тегирмонлар, нон тайёрловчи оилавий кичик корхоналар, музлатгичлар кўпайиб бормоқда.
Сўнгги 5 йил ичида деҳқоннинг мева ва сабзавот маҳсулотларини эркин экспорт қилишга кенг йўллар очилиб, аввалги мавжуд муаммолар бекор қилинганлиги инсонларнинг ерга бўлган муносабатини ўзгартирди, уларда нафақат маҳсулот етиштириш, балки ўша маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаб маҳсулот сифатида жаҳон бозорига чиқиш имкониятларини яратилганлиги меҳнат унумдорлигини оширишга ундади,
Яна бир ҳақиқат, қайси фермер томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш тизимини ташкил этса, сув қудуқлари қазиса, экин майдонларини лазерли техника ёрдамида текисласа давлат томонидан субсидия маблағлари ажратилиб, деҳқонга мадад бўлмоқда. Бундай давлат кўмаги деҳқончиликнинг бошқа соҳаларига ҳам босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Мамлакатимиз ҳудудида демографик вазият хилма-хил эканлиги, қаердадир аҳоли сийрак, ер-сув мўлроқ, бошқа жойда эса аксинча эканлиги ҳам ривожланиш имкониятларига тўсиқ бўлаётганлиги, бу эса ерни майда тарзда оммавий равишда тақсимлаб юборишни тақазо этади. Жойларда аҳоли нуфузининг ортишини, ер-сув билан боғлиқ муаммоларни, ҳудудларнинг тупроқ ва иқлим шароитини инобатга олган ҳолда адолатли тақсимлаш асосий мезон бўлиб қолмоқда.
Биргина мисол, Андижон вилояти ҳудуди Республика миқёсида бир фоизга ҳам бормайди, лекин аҳоли сони 3 миллион нафардан ортиқ, бу эса республика аҳолисининг 10 фоизига тенг демакдир. Ҳайдаладиган экин ерлари ҳажми эса 202 минг гектарни ташкил этмоқда. Аҳоли жон бошига тақсимланганда сал кам 6 сотихни ташкил этади. Бу эса ҳар соҳада омилкорликни, тажрибани, зарур жойда адолатли қўллашни тақазо этади.
Асака, Шаҳрихон ва бошқа бир қатор туманларда жон бошига ҳайдаладиган экин майдонлари ҳажми бундан-да камроқ. Шундай қишлоқлар борки, у жойларда аҳоли сони 70-80 мингдан ортиқ бўлиб, ҳайдаладиган ер ҳар бир жон ҳисобига 1-2 сотихни ташкил этади. Ҳаттоки, шундай фермер хўжаликлари борки, ҳар бир оилага 10 сотихдан 30 сотихгача тўғри келиши вазиятни қанчалик оғир эканлигини кўрсатиб турибди.
Кўпинча ўзбекларнинг Россия ва бошқа Европа давлатларига муҳожирлик асосида ишга кетаётганлиги, уларнинг ўз ватанидаги мавжуд имкониятлардан фойдалана олмаётганлиги муҳокама қилинади. Бу ҳақиқат, албатта. Қолаверса, водий аҳолисининг сўнгги 90 йилда водийлик, жумладан, Андижонлик аҳоли Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро вилоятларига, Тожикистондаги Вахш водийсига мажбуран ёки ихтиёрийлик асосида кўчирилган.
Айтмоқчиманки, ҳақиқий демократик жамият қуриш йўлида бораётган эканмиз, ер-сув борасида сўз юритиш масъулиятини ҳам ёддан чиқарилмаслик керак. Бугун бўлмаса, эртага инновация ютуқлари барча соҳаларда бўй кўрсатади ва албатта бизнинг диёримизда ҳам ер-сувдан фойдаланиш яхшиланиши эвазига қалбимиздаги эзгу мақсадлар рўёбга чиқади.
Фарходбек Набижонов, Андижон вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси
https://human.uz/site/inner/11722