Фермерлар кенгаши томорқачиликни ривожлантиришга кўмаклашмоқда

Қашқадарё вилоятида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, бу орқали ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 12-13 ноябр кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Шаҳрисабз ва Китоб туманларида аҳоли томорқаларида малиначиликни ривожлантириш ҳамда Чироқчи туманида Томорқачилик илмий-амалий марказини ташкил этиб, деҳқон хўжалиги раҳбарлари ва томорқа ер эгаларини томорқачилик бўйича ўқитиш ишларини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди.

Бугунги кунда Шаҳрисабз туманида фаолият юритаётган “Шаҳрисабз шаҳар” томорқа хизмати МЧЖ томонидан Фарғона вилоятидан малина кўчатлари олиб келинди. Аҳолига ушбу кўчатларни томорқасига экиши учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармадан 927 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Айни пайтда малина кўчатлари ҳудуднинг Полмон, Улоч, Мираки, Бўзариқ, Қоратут ва Тошқўрғон маҳаллаларидаги аҳоли томорқасига экилмоқда. Шунингдек, Китоб туманида фаолият юритаётган “Варганза боғишамол” томорқа хизмати МЧЖ томонидан ҳам Фарғона вилоятидан малина кўчатлари олиб келиниб, аҳоли хонадонларига экиш ишлари бошланди.

Вилоятда бугунги кунда аҳоли гавжум жойларда 100 дан ортиқ дала дўконлари қурилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини арзон нархларда сотиш ишлари йўлга қўйилди. Ушбу дала дўконларини қуриш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармадан 3,3 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Чироқчи туманида эса Жамғарма таъсисчилигида Томорқачилик илмий-амалий маркази ташкил этилди. Марказ учун 3 қаватли бино қурилиб, фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва аҳоли томорқа ер эгалари ўқишини ташкил этиш йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, туманда Хитой технологияси асосида 1 гектар иссиқхона қурилди. 65 гектар лалми ер майдонига сабзавот экинлари экилмоқда.

Қамаши туманида 120 гектар ер майдони ажратилиб, 42 гектарида ёшлар учун ток, 78 гектарида эса бодомзор барпо этилмоқда. Бу ерда артезиан қудуқлари қазилиб, боғларда томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу ишлар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармадан ажратилган имтиёзли кредитлар ҳисобидан амалга оширилмоқда.

З.Алламурадов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи.
ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/fermerlar-kengashi-tomorqachilikni-rivozhlantirishga-komaklashmoqda_243647

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram