Кластер ягона занжирда айланадиган тараққиёт(ми)?
Деҳқон хўжаликлари ва томорқачилар халқ дастурхонига етказиб бераётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари туфайли бозорларимиздаги нархларнинг барқарорлиги таъминламоқда.
Жумладан, 2020 йил баҳорида 4,5 миллиондан зиёд аҳоли томорқасида 306,1 минг гектар эртаки экинлар, 228,7 минг гектар майдонга такрорий (ўртаки) экинлар, 162,6 минг гектарга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилиши таъминланди. Натижада 10,1 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди.
Томорқачиларга моддий ресурсларни етказиб берадиган, молиялаштирадиган ва экин экишни назорат қиладиган тизим яратилгани туфайли ердан юқори ҳосил ва даромад олаётган миришкорлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бунда эса “Томорқа хизмати” корхоналарининг ўрни алоҳида. Улар аҳоли томорқа ерларини шудгорлаш, зарур уруғлик ва кўчат етказиш, хонадонларга ихчам иссиқхона қуриб, эчки, қуй, парранда, асалари уялари, қуён етказиб беришни йўлга қўйган.
Амалга оширилган тизимли ишлар натижасида 81 та “Томорқа хизмати” МЧЖлар ташкил этилиб, улар етиштирган сабзавотларни (булғор ва қалампир, пиёз, кўкатлар) ички бозорларга етказиш билан бирга экспорт борасида ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда.
Самарқанд вилояти “Chelak tomorqa xizmati” томорқа хизмат корхонаси 2 926 минг доллар миқдорида кўкат, пиёз, дуккакли ва мойли экинлар, Тошкент вилояти “Zangiota tomorqa xizmati export” эса 2 617 минг доллар миқдорида аҳоли томорқаларида етиштирилган пиёз, қалампир, сабзавот маҳсулотларини, Қашқадарё вилояти “Ko‘hna voha tomorqa xizmati” 1 045 минг доллар миқдорида сабзавот, қуритилган мевалар, полиз маҳсулотлари Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Россия, Латвия каби 10 дан ортиқ давлатга экспорт қилди.
Халқимизнинг мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини йилнинг исталган даврида тўлиқ қондириш, яхши сақлаган ҳолатда аҳолига етказиб бериш учун аҳоли гавжум жойларда дала дўконлари, маҳсулотларни сақлаш учун музлатгичли омборлар ҳамда қайта ишлаш цехлари ташкил этилмоқда.
Айни вақтда эса “Томорқа хизмати” кластерларини ташкил этишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Аслида ҳам “кластер” атамаси инглиз тилидан олинган бўлиб, сўзма-сўз таржима қилинганда “биргаликда ўсиш” деган маънони англатади. 20 асрнинг охирларида пайдо бўлган бу усулда ишларни ташкил этиш корхоналар ўртасида рақобат муҳитини яратиб, аҳолининг турмуш даражасининг ўсишини таъминлайди.
2020 йилда 12 та фаолият турини ўзида жамлаган “Томорқа хизмати” кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш яхши самара берди. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 30 июнда қабул қилинган “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига кўра, “Томорқа хизмати” негизида 20 та кластер корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг учун кенгаш ҳузуридаги жамғармадан 48 миллиард сўм ажратилди.
Ушбу тажрибани 2021 йилда ҳам давом эттирган ҳолда мева-сабзавот кўп етиштириладиган 32 та туманда “Томорқа хизмати” кластерлари фаолияти йўлга қўйилади. Амударё, Балиқчи, Қўрғонтепа, Ромитан, Янгиобод, Қарши, Нурота, Янгиқўрғон, Чуст, Чортоқ, Музробот, Бўка, Қўшкўпир шулар сирасидан. Бу ишларни амалга ошириш учун эса кенгаш ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан 58 миллиард сўм йўналтирилади.
Томорқа кластери корхоналари деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларини бириктириб, улар ўртасидаги ўзаро иқтисодий-ижтимоий муносабатлар барқарорлашиши натижасида рақобатбардош маҳсулотлар етиштириш ҳажми ошиб боради. Шу боис ҳам кластер тизими “Ягона занжирда айланадиган тараққиёт” деб эътироф этилмоқда.
Фахриддин Суюнов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон
хўжаликлари ва томорқа ер
эгалари кенгаши бўлим бошлиғи
https://uza.uz/uz/posts/klaster-yagona-zanzhirda-aylanadigan-taraqqiyotmi_242131