Фермер хўжаликлари ходимлари билан меҳнат муносабатлари яхшиланмоқда
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида бухгалтерия марказлари ва фермер хўжаликларида меҳнат муносабатларини тўғри йўлга қўйишга бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини, фуқароларнинг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб, салмоқли натижалар қўлга киритилаётгани таъкидланди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, касаначилик ҳамда томорқа хўжалигида маҳсулотларни етиштириш, шахсий ёрдамчи хўжаликларда чорвачиликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ушбу соҳаларда банд бўлганлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳам доимий эътиборда бўлиб келмоқда.
Ушбу учрашувда фермер хўжаликлари ходимлари билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, жумладан, меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат дафтарчалари тўлиқ юритилишини таъминлаш, жамоа шартномаларини тузиш орқали уларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш ҳамда белгиланган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишига эришиш каби йўналишлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Ходимлар билан ишлаш бўлими мутахассиси А.Сайфиддинова