Кластер – қишлоқ хўжалигида туб бурилиш
Ўзбекистон аҳолисининг деярли тенг ярми қишлоқ жойларда яшайди. Шу сабаб, бевосита соҳада фаолият олиб бормасада, қишлоқ хўжалигига тааллуқли бўлган ҳар бир янгилик, ўзгариш, жорий этилаётган янги иш усуллари кўпчиликни қизиқтириши табиий. Чунки қишлоқ хўжалиги тепадан келадиган топшириқ асосида экиб-териб олинадиган соҳа, унда ишлайдиганлар кетмон чопишни билса бўлди, деган тушунчалар аллақачон ўтмишда қолган.
Бугун ўзгаришлар кўлами шу қадар кўпки, гарчи қишлоқда туғилиб, қишлоқда яшаётган бўлсада, соҳада кечаётган ислоҳотларни, янгиликларни тўлиқ биламан, деб мақтанадиган одамни топиш қийин. Умуман, соҳага жорий қилинаётган янгиликлар фермер ва деҳқонларга манфаат келтирмас экан, унинг келажаги йўқлиги аён. Қолаверса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масала бўлиб турган бугунги давр, қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сувни тежайдиган биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этишни талаб қилмоқда.
Хўш, қишлоқ хўжалигига жорий қилинган кластер тизимининг афзалликлари нимада? Бу саволга нафақат ижобий, балки салбий жавоб берадиганлар ҳам бор. Бунга табиий ҳолат сифатида қарашимиз керак. Чунки қайси соҳани олиб қараманг, ҳеч бир янгилик қисқа муддатда оммавийлашиб кетмаслиги аниқ. Айниқса, асрий анъаналарига эга қишлоқ хўжалиги соҳасида…
Шундай янгиликлардан бири – кластер тизимининг жорий этилиши бўлди. Хўш, кластер ўзи нима? Бу саволга жайдари тилда жавоб қайтарадиган бўлсак кластер, бу тўпланиб ишни амалга оширишдир. Бир пайтлар, «Ўзбекистон жаҳондаги етакчи пахта етиштирадиган мамлакатлардан бири, бироқ биз фақат хомашё сотаяпмиз, агар шуни ип-калавага, ип-калавани матога, матони тайёр маҳсулотга айлантирсак, қанча фойда олишимиз мумкин», деган гап-сўзларни бот-бот эшитардик. Бу қишлоқ хўжалигида фаолият олиб бораётганларнинг орзуси эди.
Хўш, бу орзуни рўёбга чиқариш учун нима қилиш керак эди? Бу саволнинг жавоби оддий эмасди. Бунинг учун нафақат қишлоқ хўжалиги соҳасини, соҳа билан бевосита ёхуд билвосита боғлиқ бўлган тўқимачилик саноатидан тортиб, қишлоқ хўжалик техникаларини ишлаб чиқариш, уруғчилик, кимё саноати ва шунга ўхшаш яна қанча соҳаларни ислоҳ қилишга, уларни янги иш усулига ўтказиб, мувофиқ ишлашини таъминлашга тўғри келарди. Жаҳон тажрибаси ўрганиб кўрилди. Франция ва Нидерландияда кластер тизими ўз самарасини кўрсатган. Бежизга Нидерландия қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш бўйича дунёда илғор мамлакатлар қаторида тилга олинмайди. Бироқ улар тажрибаси кўр-кўрона кўчириб олинибдида, деган ўйга борманг. Мутахассислар эътирофича, Ўзбекистондаги кластер тизими бутунлай новаторликка асосланган ўзига хос тизим.
Кўзга ташланган дастлабки янгилик шуки, авваллари фермерлар бевосита «Ўзпахтасаноат» билан шартнома тузиб, уларни пахта толаси билан таъминлаб берган. «Ўзпахтасаноат»дан эса тўқимачилик корхоналари пахта сотиб олар эди. Эндиликда фермер ва тўқимачилик корхонаси ўртасида узвийлик пайдо бўлди. Кластер тизими иккита йўналишда ташкил қилинди. Биринчиси, фермерлар ва тўқимачилик корхоналари ўртасида бевосита шартнома, иккинчиси, салмоғи юқори бўлган тўқимачилик корхоналари фермерликни ўзи шакллантирмоқда.
Шароф Рашидов туманидаги «Жиззах индустриал тўқима» МЧЖ пахтачилик кластери, умумий 8971 гектар ер майдонига эга 244 та фермерлар билан шартнома имзоланган.
Қишлоқ хўжалигида кластер тизимининг келажаги порлоқ, — дейди соҳада суяги қотган инсонлардан бири, тумандаги «Чарос Лазиз» фермер хўжалигининг раҳбари Ҳасанбой Умаров. Фермерларга ҳам манфаати катта. Оддийгина мисол, кимёвий ўғит масаласида қанча сарсон бўлардик. Ҳозир унинг нафақат таннархи арзон тушаяпти, балки дори сепадиган техника билан ҳам кластер таъминлаяпти. Илгари ҳар бир фаолият учун банкдан кредит олиб, фаолият олиб борган бўлсак, энди кластердан тўғридан-тўғри, фоизсиз маблағ олинаяпти. Қолаверса, кластер тизими бир кун ёки бир йилни ўйлаб қилинаётган тизим эмас. Халқнинг бебаҳо бойлиги — ер. Унинг меоратив ҳолатини яхшилаш, сувни тежаш бўйича бошланган ишлар самараси келажакда катта самара бериши аниқ. Масалан, биргина бизнинг фермер хўжалигимизда, жорий йилда 15 гектар ерда томчилаб суғориш тизими жорий этилди. Сув 30-40 фоизгача тежаляпти. Энг муҳими, деҳқоннинг қадри улуғланар экан. Илгаригидек, тиззагача сув, лой кечиб суғориш, деган гап йўқ. Мутахассис ўзи қараб, мурувватни бураб кўздан кечиради. Бу тизимни бутун қишлоқ хўжалигига жорий қилиш учун фермерлар қанча кредит олиши керак эди.
Фермер сўзларига қараганда, кўпгина фермерлар кластер афзалликларини англаб етишди. Қолаверса, ёғ заводини қуриш ва бошқа истиқболли лойиҳалар ҳам уларни бефарқ қолдирмаяпти. Ўз-ўзидан тушунарлики, энг илғор иш усули ҳам соҳани сўнгги бир неча ўн йилларда тўпланган муаммолар гирдобидан олиб чиқишга қодир эмас. Бунинг учун ҳам уқув, билим, янгича дунёқараш, пешона тери эвазига қилинган ҳалол меҳнат ва, албатта, фидойилик талаб қилинади.
Келинг, шу ўринда Жиззах вилояти мисолида баъзи бир мисолларга тўхталиб ўтайлик. Бугунги кунда вилоятда бешта пахта-тўқимачилик кластерлари ва битта пахтачилик кооперацияси мавжуд. 78,1 минг гектар пахта майдонининг 6,2 гектари бевосита кластерларнинг ўзига, қолган 71, 9 минг гектари фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси асосида ажратиб берилган.
Кўзга ташланган дастлабки ҳолат. Ёдингиздами, яқин-яқингача, тўрт-беш йил олдин ҳам пахта мавсуми бутун республика аҳлига «ҳосил учун кураш майдони»га айланарди. Ҳозирчи? Баъзилар ҳатто, пахта мавсуми қачон бошланиб, қачон тугаганини ҳам сезмай қолди.
Бу йилги етиштирилган пахта хомашёсини ўтган йилги билан солиштирганда, ўртача 4,4 центнерга ошиб, 33 180 тоннани ташкил этганини кўришимиз мумкин. Машина терими 26,6 фоиз кўпроқ. Муваффақиятлар омили анчагина. Улардан бири, жорий йилда пахтачиликда 4 971 гектарда ёки 6,4 фоиз майдонда томчилаб суғориш технологияси жорий этилди. Биргина Шароф Рашидов туманидаги «Индустриал тўқима» пахта-тўқимачилик кластери томонидан 3 762 гектарда ёки 40,4 фоиз майдонда томчилаб суғориш ишлари амалга оширилди.
Кластерлар томонидан 59 километр узунликдаги ирригация тармоқларида, 34,5 километр узунликдаги мелиорация тармоқларида ва 29 гидроиншоот 26 та гидропостларда таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди. Бу ўтган йилга нисбатан 2 борабардан ортиқ демакдир. Кластерлар томонидан жами 493 гектар шундан 365 гектар фойдаланишдан чиқиб кетган ерлар фойдаланишга киритилди, 128 гектар янги ерлар ўзлаштирди.
Айни пайтда пахта-тўқимачилик кластерларида учта ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, 384 та янги иш ўринлари яратилди. Ишлаб чиқариш қувватларининг жами сони 10 тага етиб, уларда 3 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Мазкур корхоналарда ўтган йили 315,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, шундан 86,8 миллиард сўмлик пахта толаси ички бозорга, 62,5 миллиард сўмлик ип-калавадан 3,3 миллиард сўмлик ички бозорга, 59,2 миллиард сўмлик экспортга чиқарилди.
2021 йилда кластерлар томонидан қиймати 159,5 триллион сўмлик 7 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу лойиҳалар амалга оширилиш натижасида 1300 нафар янги иш ўринлари яратилади.
Биз кластер фаолиятига оид баъзи бир расмий рақамларга тўхталиб ўтдик. Бундан кластер тизимининг жорий этилиши соҳадаги барча муаммоларни бартараф этибдида, деган хулоса чиқариш ярамайди. Иш бор экан, муаммолар ҳам юзага келиши табиий.
Бир ҳолат кишини ажаблантиради. Негадир ютуқлар, муваффақиятлар шундай бўлиши лозимдек табиий қабул қилинади. Бироқ унутмайлик, улар ортида минглаб одамларнинг уйқусиз ўтказган тунлари, фидокорона меҳнатлари ётибди. Қолаверса, қишлоқ ҳудудларда одамларга доимий даромад манбаига айланган янги иш ўринларининг қиймати бебаҳо.
Соҳада бевосита фаолият кўрсатаётган мутахассислар фикрича, шахсан президент ташаббуси билан пахтачиликда кластер фаолиятининг йўлга қўйилиши соҳада туб бурилиш бўлди.
Баҳром Мирзақобилов,
ЎзЛиДеП Жиззах вилояти кенгаши матбуот котиби
https://daryo.uz/k/2021/02/11/klaster-qishloq-xo%CA%BBjaligida-tub-burilish/