Кластер фаровонликка хизмат қилади

Сир эмаски, қишлоқ ҳўжалиги аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари ва иш билан таъминлашда етакчи соҳалардан биридир.

Шунинг учун ҳам республика бўйлаб қишлоқ хўжалигида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, меҳнатни ташкил этишнинг илғор усуллари жорий этилаётир. Хусусан, пахта, ғалла ва бошқа зироатлар етиштириладиган далаларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ҳосилдорликни ошириш ҳисобига деҳқонларнинг турмушини фаровонлаштиришда кластер ташкилотларининг афзал жиҳатлари намоён бўлаяпти. 2019 йил охирларида Сурхондарёда ташкил этилган “Инденим кластер” МЧЖ жамоаси дастлаб Термиз шаҳрида “Зиф текстил” корхонасини очиб, Термиз тумани ҳамда Термиз шаҳрида яшовчи 500 нафар хотин-қизни ишли қилишди. Дунёнинг Хитой, Туркия каби ривожланган давлатларидан келтирилган умумий қиймати 10 миллион долларга тенг замонавий технология билан жиҳозланган корхонада болалар учун трикотаж кийим-кечаклар тайёрлана бошлади. Устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилган корхонада қисқа фурсатда моҳир ва тажрибали тикувчилар сафи кенгайди. Бугун корхона цехларида меҳнат қилаётган 1200 нафар хотин-қиз 180 хилдаги болалар, катталар ва аёлларга мўлжалланган трикотаж буюмлари  тайёрлашаяпти. 

Шуни айтиш керакки, корхона цехларида ишлаб чиқарилаётган сифатли, бежирим ва харидоргир трикотаж буюмлари кластер тасарруфидаги Термиз шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Инденим” супер маркети расталарида сотилаяпти. 

Бундан ташқари, кластер жамоаси ўтган йили Термиз туманида 2216 гектар майдонда ғўза ўстирган фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси тузиб, деҳконларга ҳар томонлама кўмаклашишди ва етиштирилган пахтани қабул қилиб олиб, кластер таркибидаги “Музработ пахта” МЧЖ цехларида қайта ишлашди. Хомашёни қайта ишлашдан олинган чигит тегишли ташкилотларга сотилган бўлса, толадан эса Термиз шаҳридаги “Амударё текстил” ҳамда Жарқўрғон туманидаги “Нор текстил” МЧЖ корхоналарида калава ип тайёрланди. Кластер ташкилоти таркибидаги ушбу корхоналарда ҳозир 1100 нафар киши бандлиги таъминланган.

Кластер жамоаси фаолиятини тобора кенгайтирмоқда ва иш ўринларини кўпайтирмоқда. Аёнки, охирги йилларда вилоятнинг Музработ ва Шўрчи туманилари далаларида ҳосилдорлик пасайиб, пахта етиштириш салмоғи камайиб бораяпти. Шунинг учун жорий йилда кластер ташкилоти юқорида номлари айтилган туманлардан 14,1 минг гектар майдонда пахта етиштириш билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси асосида ишлайди. Айни пайтда кластер билан шартнома тузган фермер хўжаликлари аъзолари далаларини баҳорги чигит экишга пухта ҳозирлашаяпти. “Инденим кластер” МЧЖ жамоаси эса деҳконларни техника, ёқилғи-мойлов материаллари билан таъминлаб, далаларни чигит экишга тайёрлашга кўмаклашапти.

-Айни пайтда кластер ташкилотимиз тизимидаги корхоналарда меҳнат қилаётган ёшлар ва хотин-қизлар меҳнатларига яраша рағбатлантирилаяпти. Жумладан, “Зиф текстил” корхонамизда ишлаётганлар иссиқ овқат билан таъминланган, ишга келиш ва уйларига элтиб қўйиш учун автобуслар ажратилган. Жорий йилда кластер ташкилотидаги барча соҳаларда ишчи-хизматчилар сони 5 минг нафарга етказилади, – дейди кластер ташкилоти раҳбари Мансур Ўташев. – Бу йил айниқса биз билан шартнома асосида ишлайдиган фермер хўжаликларига қулай шароитлар яратиб бериш, манфаатдорликларини ошириш, бир сўз билан айтганда деҳқонларнинг турмушларини фаровонлаштириш учун барча имкониятларимиз сафарбар этамиз.

Дарвоқе, Сурхондарёда қайси соҳада кластер тизими жорий этилган бўлса, барчасида қисқа фурсатда катта ўзгаришлар қилинаётгани ҳаммага равшан. Шубҳасиз жорий йилда кластер ташкилоти билан фьючерс шартномаси асосида ишлайдиган Музработ ва Шўрчи туманлари деҳқонларининг ҳам косаси оқаради.

ЎзЛиДеП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати

https://www.uza.uz/uz/posts/klaster-farovonlikka-xizmat-qiladi_239820

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram