2 700 гектардан ортиқ майдондаги сув тежовчи технологиялар кўмагида 10 миллион кубометр сув тежалди
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларга мажбуран сув тежовчи технологияларни жорий қилиш топшириғи берилгани муҳокама қилинди.
Бу борада Андижон вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси Одилжон Раҳмонов қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
Дунё мамлакатлари мисолида таҳлил қилинадиган бўлса, бугунги кунда сув тежовчи технологияларни қарийб тўлиқ жорий қилган давлатларда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришилмоқда. Мисол учун, Туркия ва Исроилда пахтадан олинаётган ҳосилдорлик 60-70 центнерга етмоқда. Бу эса ушбу технологияларнинг афзаллигини кўрсатмоқда.
Вилоятимизда ҳам ўтган йиллар давомида сув тежовчи технологиялари жорий қилинган майдонларда ҳосилдорликнинг ошиши ва маҳсулот сифати юқори бўлиши кузатилган. Жумладан, Қўрғонтепа туманидаги «Хантекс гроуп» 2019 йилда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиниши ҳисобига гектаридан 67 центнер пахта ҳосилдорлигига эришган.
Энг асосийси, ушбу пахта хомашёси тўлиқ биринчи навларга сотилган.
Андижон туманидаги «Собиржон юқори ҳосили» фермер хўжалигида 2020 йилда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилиниши ҳисобига гектарига 47 центнер, Марҳамат туманидаги «Орзу чашмаси» фермер хўжалиги 52,2 центнер, Жалақудуқ туманидаги «Комил ишонч сари» фермер хўжалиги 47 центнердан ҳосилдорликка эришди. Бу хўжаликларнинг томчилатиб суғориш жорий қилинмаган пахта майдонларида ҳосилдорлик 30-32 центнер бўлгани ҳам сув тежовчи технологияларнинг афзаллигини кўрсатиб турибди.
Қайд этиш керакки, мамлакатимизда, жумладан вилоятимизда кейинги йилларда сув танқислиги кузатилмоқда. 2020 йилда ҳам сув танқислиги сабаб қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда муаммолар юзага келди.
«Ўзгидромет» марказининг маълумотларига кўра, 2021 йил вегетация даврида «Норин» ва «Қорадарё» ҳавзаларида сув оқими меъёрга нисбатан 75-80 фоиз бўлиши башорат қилинмоқда. Демак, «Андижон» сув омборида ўтган йилнинг шу кунида 725 млн.м3 сув бўлган бўлса, жорий йилда 566 млн.м3 бўлиши кутилмоқда ёки «Тохтагул» сув омборида ўтган йили 13 млрд. 490 миллион м3 сув жамғарилган бўлса, бу йилги кўрсаткичлар 10 млрд. 558 миллион м3 сув жамғарилган.
унинг учун ҳам, сув ресурслари танқислиги тобора ортиб бораётган шароитда сувдан самарали ва тежамли фойдаланган ҳолда сувни иқтисод қилиш тадбирларини амалга оширишни тақозо этмоқда.
Ана шундай таҳлилларни инобатга оладиган бўлсак, ривожланиб бораётган тараққиёт даврида сув ресурсларини тежаш омилкорлик манбаи эканига гувоҳ бўламиз. Биргина 2020 йилда вилоятда қарийб 2 700 гектардан ортиқ майдонларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Натижада вилоятда 10 млн. кубометрдан зиёд сув ресурсларини тежашга эришилди.
Тизимда берилаётган имтиёзлар ва яратилаётган имкониятлар ҳам таҳсинга лойиқ. Жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий қилган субъектларга гектарига 8-11 миллион сўмгача субсидия маблағлари ажратилиб, қоплаб берилади. Сув тежовчи технология жорий қилинган майдонлар учун 5 йилгача ер солиғи тўланмайди. Улар 5 йилгача мақбуллаштиришга тушмайди.
Сув тежовчи технологияларни жорий қилишда кўмак бериш учун 12 та пудратчи-қурувчи ташкилот ташкил этилган. Технологияни жорий қилувчи субъектлар ўзларининг ихтиёрий танловлари асосида ушбу ташкилотлар ўртасида шартнома тузиш тавсия этилган.
Вилоятда бугунги кунда ривожланган ва рақамлаштирилган иқтисодиёт тизимига ўтиш даврида қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор технологияларни жорий қилиш, бу билан тупроқ унумдорлигини ошириш, ҳосилдорликни кўтариш, маҳсулот сифатини яхшилаш учун хизмат қилиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилиб борилмоқда.
Жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий қилувчи субъектларга вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, «Норин-Қорадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ёки бошқа юқори турувчи идоралардан мажбурийлик ҳолатлари бўлмаган, сув тежовчи технологияларни жорий қилувчиларга вилоятда фаолият олиб бораётган 12 та пудратчи-қурувчилар ўз хоҳишлари асосида танлаб олинмоқда.
Демак, вилоятда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини амалга оширишда ва экинлар ҳосилдорлигини оширишга, сув ресурсларини тежашдек савобли ишларни амалга оширишга хизмат қилади. Бу эса ушбу технологияларни жорий қилиш маҳсулот етиштирувчилар учун энг зарур тизим ҳисобланади.