Рағбат – марраларни янада баландроқ олишга ундайди

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз мукофотланди. Улар орасида Андижон вилояти Асака туманидаги “Обод турмуш орзуси” фермер хўжалиги кластери раҳбари Каримов Ҳусниддин ҳам бор.

Ҳ.Каримов халқимиз фаровонлигини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, қишлоқ хўжалик, мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни ривожлантириш мақсадида олиб борган ишлари учун Президентимизнинг 2020 йил 28 августдаги фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган эди.

– Албатта, давлатнинг, халқнинг бундай ишончини оқлашнинг ўзи бўлмайди, бу рағбат келгуси марраларни янада баландроқ олишга ундайди, – дейди Х. Каримов. – 2015 йилда ташкил этилган хўжалигимизнинг асосий фаолияти қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишга қаратилган. Шу боис 2017 йил хўжалигимизни кенгайтириш мақсадида Бельгия, Хитой, Туркия давлатларидан 2 миллион долларга мева – сабзавотларни қуритиш ва қайта ишлаш дастгоҳини олиб келдик. Натижада қисқа фурсатда 50 иш ўрни яратилди. Бельгия, Македония, Германия, Грузия, Рига, Россия, Қозоғистон хамда Қирғизистонга уч миллион етти юз минг доллар миқдорида маҳсулот етказиб бердик.

Шу тариқа экспортни янада ривожлантириш мақсадида хўжаликка қўшимча 4711 гектар ер майдони бириктирилиб, 2017 йилдан кластер тизимига ўтилди. Корхонада фермер хўжалигининг мавжуд 200 гектар ер майдонида етиштирилган маҳсулотларидан ташқари, Балиқчи, Шаҳрихон ва Андижон тумани деҳқон ва боғбонлари етиштирган ҳосил ҳам қайта ишланмоқда.

– Фермер хўжалигимиз қошидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш корхонамиз тумандаги 90 фоиз фермер хўжаликлари билан шартнома имзолаган, – дейди Ҳусниддин Каримов. – Биз карам, бодринг, булғор қалампири, помидор маҳсулотларини қабул қилиш ишларини жадал олиб бормоқдамиз. Айни пандемия даврида корхонамизда карантин қоидаларига тўла амал қилган ҳолда яратиб берилган имтиёзлардан фойдаланмоқдамиз.

Айни кунларда “Обод турмуш орзуси” фермер хўжалиги 350 гектарда тўқсонбосди усулида саримсоқпиёз, 250 гектарда укроп, 200 гектарда петрушка, 150 гектарда пиёз парваришламоқда. Шунингдек, тумандаги 580 ортиқ фермер хўжалиги билан 4711 гектар майдонда шартнома асосида маҳсулотлар етиштирилиб, 16 000 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қайта ишланди, етти миллион икки юз минг долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади.

“Обод турмуш орзуси” фермер хўжалигида йилига бир миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш салоҳиятига эга мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи корхона ҳам ишга тушган.

https://uza.uz/uz/posts/ragbat-marralarni-yanada-balandroq-olishga-undaydi_198832

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram