“Олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир”
Алишер Навоий бобомиз неча асрлар аввал деҳқонлар хизматига жуда катта баҳо берганлар. Шу маънода, деҳқон ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи, десак, муболаға бўлмайди.
Аслида ҳам деҳқон деганда, кўз олдимизда бепоён далалар, боғу роғлар, дастурхонимиздаги турли ноз-неъматлар, тўй-томошалар, хурсандчилик кунларимиз, бутун ҳаётимиз намоён бўлади.
Мана, яна бир йилимиз якунланяпти. Қиш фасли ҳам кириб келди. Аммо деҳқон тингани йўқ. Унинг тўрт фаслга мос меҳнати, вазифаси бор.
Шу ўринда, ўтаётган йилимиз ҳам баракали келганини эътироф этмоқ керак. Айни вақтда 80 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Жорий йилда11,9 мингта фермер хўжалиги қўшимча соҳаларда иштирок этаётгани туфайли 41,1 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.
Мамлакатимизда деярли барча соҳа ходимларининг ўз куни, байрами бўлиб келган. Аммо яқин-яқингача қишлоқ хўжалиги соҳиблари маълум маънода эътибордан четда қолган рост. Эндиликда Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаш ҳам оммалашди. Таъбир жоиз бўлса, давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович ташаббуслари билан ва декабрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда аграр соҳа ходимларининг кунига айланди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз тажрибаси, салоҳиятига эга тажрибали фермерларимиз, керак бўлса, устоз мақомига эришган миришкорларимиз бор. Кучли билимга эга бўлган деҳқонларимизнинг тажрибаси, маслаҳати бугун ҳам ҳар биримизга асқотяпти. Уларга муносиб издошлар, ерни ҳис қиладиган фермер ва томорқачиларимизнинг борлиги бизни қувонтиради, албатта.
Йўқса, короновирус пандемияси шароитида 651,5 минг тонна ёки қиймати 368,6 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинармиди? Экспортга жўнатилган ҳар тонна маҳсулотнинг ўртача нархи 9 минг долларни ташкил этди. Албатта, бунда мева-сабзавот маҳсулотларининг экпорт географияси хам сезиларли даражада кенгайиб 62 та давлатни ташкил этмоқда.
Камбағалликни қисқартириш мақсадида 375 та қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этилиб, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 7,6 минг гектар майдондда экинлар экилиши таъминланди, сув таъминоти яхшиланди,
20 мингга яқин ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. Натижада жорий йилда 350 минг тонна қўшимча маҳсулот етиштирилиши кутилмоқда. Бу каби ютуқлар, рақамларни истаганча давом эттириш мумкин.
Аслини олганда жамиятимизнинг энг меҳнаткаш, фидойи инсонлари бу қишлоқ хўжалиги ходимлари яъни сизлар. Чунки ҳаммамизни ер боқади, кийинтиради. Шунинг учун ҳам ерга нисбатан “она ер” дея таъриф берилади. Дастурхонимиз тўкинлиги, бозорларимиз гавжумлиги сизнинг шарофатингиз, хизматингиз билан эканини ҳамиша ёдда тутинг.