Бухоро туманида томорқа ер эгалари иштирокида кўргазмали семинар ташкил этилди

Халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, деган нақл бор. Ҳалқона тилда айтилган бу ҳикмат замирида жуда катта маъно мужассам. Ҳаёт инсонга берилган азиз неъмат экан, унинг қадрига етган киши меҳнат қилиб, эл дастурхонини тўкин этадиган боғлар яратишдек ибратли ишлар билан шуғулланади.

Бухоро туманида мевали боғ ташкил қилиш бўйича тегишли соҳа вакиллари, тажрибали фермерлар ва томорқа ер эгалари иштирокида ўтказилган кўргазмали семинардан кўзланган асосий мақсад ҳам кўчат экиб, боғ яратишдир.

Унда жорий йил туманда янги ўзлаштириладиган ерларда 1000 гектарга яқин майдонда фермерлар, томорқа ер эгалари, тадбиркорларга ер майдонлари ажратиб берилиши, экспортбоп мевали кўчатлар: олхўри, ўрик, шафтоли, олма, анор, узумлар экилиши ва шу орқали аҳолига даромад келтирадиган мевали боғлар, токзорлар ташкил этилиши таъкидланди.   

Кўргазмали семинар давомида маҳаллий уста деҳқонлар томонидан иштирокчиларга мевали кўчат экиш, қиш мавсумида анор кўчатларини кўмиш тартиби батафсил тушунтириб ўтилди. Ташкилотчилар томонидан аҳоли хонадонларида узум ва мевали дарахт кўчатларини кўпроқ ўтқазиш ташаббуси амалга оширилди.

Куннинг иккинчи ярмида “Сўфикоргар” МФЙда яшовчи Р.Шеров ва Н.Жумаевлар хонадонида ҳам кўргазмали семинар ташкил этилди. Ўзаро мулоқотлар чоғида тўқсонбости экинларини экиш, уларни парваришлаш агротехнологиялари, иссиқхонада бир вақтда картошка ва редиска экиб ердан самарали фойдаланиш бўйича маслаҳатлар берилди.

Маълумот учун, маҳалла ҳудудида 1406 та деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ихтиёридаги 183,2 гектар майдонда асосан сабзавот экинлари экилади. Айни вақтда ҳудуддаги 321 та иссиқхонада лимон, помидор, бодринг, кўкатлар ва тўқсонбости экинлари етиштирилмоқда. 860 тадан ортиқ хонадон бир йилда икки-уч мартадан ҳосил олади. Маҳалла “Бир маҳалла бир маҳсулот” тамойили асосида сабзавотчиликка ихтисослашган.

—Бугунги кун ҳолатида вилоят бўйича 11 та туманда бошқа вилоятлардан фарқли равишда 11 та иссиқхоначилик ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этилиб, уларга 15,2 гектар ер майдони ажратиб берилди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов. — Мазкур кооперативларга 395 нафар ишсиз фуқаролар бириктирилиб, уларнинг ҳар бирига ўртача 1,5-2,2 сотихдан иссиқхона майдони ажратилган. Энг муҳими, кооперативларда 1,2 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштириш кўзда тутилиб, шу кунларда етиштирилган маҳсулотлар йиғиштириб олинмоқда.

Маълум қилинишича, ташкил этилган кооперативларга бандликка кўмаклашлашиш маркази 932 млн. сўм субсидия, 7,7 млрд. сўм банк кредит маблағлари ҳамда 5,5 млрд. сўм Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузуридаги Жамғарма ресурс маблағлари ажратилиб, бу борадаги ишлар давом эттирилади.

Семинарда кооперациядаги етиштирилаётган аччиқ қалампир, булғор қалампири, бақлажон, кўчатлар, сутни қайта ишлаш цехи, хориждан олиб келинган зотдор эчкилар, товвуқлар, великан қуёнлари боқишнинг сир-асрорлари ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.

http://parliament.gov.uz/uz/meeting/constituency/33025/

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram