Бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назорат бўлиши керак

Ҳозирги давр бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Боиси мамлакат ривожи, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, ислоҳотлар самарадорлигига эришишда Давлат бюджети очиқлиги ва шаффофлиги муҳим ўрин тутади. Бу борада бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни янада кучайтириш энг тўғри йўлдир.

Парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси эшитилиб, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ЯИМ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсиб, бу қишлоқ хўжалигининг 3,4, қурилиш ишларининг 8,6 фоизга ўсиши ҳисобига эришилган. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 2,3 фоизга ўсган ҳолда, умумий саноат ишлаб чиқариш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 фоизга камайган.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 94 457,2 млрд сўмни ташкил этиб, белгиланган 91 795,9 млрд сўм прогноз 102,9 фоизга ёки 2 661 млрд сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар 2019 йил мос даври билан солиштирилганда 15 297,4 млрд сўмга ўсган.

Иқтисодиёт ривожланишининг инновацион йўлига ўтишини рағбатлантирувчи рақобатбардош бозорни шакллантириш, рақобатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг имкониятларни яратиш – ЎзЛиДеП иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналиши. Шу сабабли муҳокамаларда асосий эътибор ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар, иқтисодий кўрсаткичлар, таҳлиллар ва натижаларга қаратилди. Агар Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси ҳақидаги ахборотлар очиқ бўлмаса, парламент, жамоатчилик назоратига шароит яратилмаса, бюджет ижроси билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш қийин бўлади.

Таъкидлаш жоизки, иқтисодиётга амалга оширилган харажатлар жорий йилнинг 9 ойида 12 593,6 млрд сўмни ташкил қилиб, бу харажатлар жами Давлат бюджети 9 ойлик харажатларининг 12,3 фоизини ташкил этган. Иқтисодиёт харажатлари асосан сув хўжалиги эксплуатациясига, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини амалга оширишга, табиатни муҳофаза қилиш ишларига, умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини ривожлантиришга сарфланган.

Кичик саноат зоналарининг 600 та муҳандислик инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун 300,0 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан Бухоро, Жиззах, Намангандаги мавжуд ва янги ташкил этиладиган кичик саноат зоналаридаги 102 та муҳандислик коммуникация объектлари бўйича 23,3 млрд сўм маблағ йўналтирилган.

Муҳокамалар жараёнида иқтисодий соҳага йўналтирилган маблағларнинг қанчалик самарали сарфлангани масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳисобот даврида аксарият муҳандислик инфратузилма объектларининг қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилмагани кескин танқид қилинди. Камчиликлар алоҳида таҳлил этилиб, мутасадди вазирлик ва идораларнинг эътибори уларни бартараф этишга қаратилди.

Мазкур камчиликларни бартараф этиш, бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлашда мутасадди вазирликлар ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди. Бунинг учун парламент ва жамоатчилик назорати механизмларидан кенг фойдаланиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этиш жоиз, ҳар қандай қонун номини олган ҳужжат қонунчилик техникаси талабларига жавоб бериши керак. Бизга келиб тушган қонун шаклида ҳам бунга эътибор қаратилган.

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ажратмаларини тасдиқлаш, бюджет жараёни ва бюджет даражалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети ҳамда уларни тайёрлаш учун асос бўлган макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари тўғрисида маълумотларни беришдан иборат.

Лойиҳада Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг 2021 йил учун захира жамғармалари тегишли бюджетлар умумий харажатларининг 1,0 фоизи миқдорида белгиланиши назарда тутилмоқда.

Бюджетни қонун кўринишида қабул қилиш, бюджетлараро муносабатларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилишини эса ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ва бюджетни ишлаб чиқишда мустақиллиги, ижроси жараёнида Олий Мажлис палаталари ҳамда халқ депутатлар маҳаллий Кенгашлари ролини оширишга хизмат қилади.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

http://xs.uz/uzkr/44469

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram