Қашқадарё: янги марралар сари дадил қадамлар
Давлатнинг давлатлиги, халқнинг халқлиги қийин пайтларда билинади, деганлари рост экан. 2020 йил оғир келиши, коронавирус балоси келтирган ижтимоий-иқтисодий инқирозга қарамай, иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантириш, одамлар ҳаётини яхшилаш борасидаги ишлар бир зум бўлса-да тўхтаб қолгани йўқ. Ҳудудларда янги корхоналар, турар жойлар бунёд қилинмоқда.
Президентимиз жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди. Шак-шубҳасиз, ушбу ташриф воҳада йирик лойиҳаларни амалга ошириш, ташаббусларни рўёбга чиқариш, аҳоли турмуши фаровонлигини таъминлаш борасидаги ишларни жадал давом эттиришда янги босқични бошлаб беради.
Давлатимиз раҳбари вилоятга сафарини Шаҳрисабз туманидаги “Oqsaroy Vortex” МЧЖда синтетик аралашмали ип ва мато ишлаб чиқариш жараёни билан танишишдан бошлаб, корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнларини, калава ип ва тайёр мато намуналарини кўздан кечирди.
Ушбу корхонанинг анъанавий ип-йигирув фабрикаларидан асосий фарқи – бу ерда Япониянинг “Murateс” компаниясида ишлаб чиқарилган Vortex технологик ускуналари ўрнатилган. Бу технологиянинг афзаллиги калава ип тўқилаётганда тола марказлашган аэродинамик ҳаво босими орқали ўтказилади. Натижада ипнинг тукдорлиги камаяди, сифати ортади.
Президентимиз соҳанинг иқтисодий жиҳатига эътибор қаратган ҳолда, тўқимачилик саноатига оид лойиҳаларни уч йўналишда ташкил этиш кераклигини таъкидлади. Қашқадарёнинг пахта етиштириладиган саккизта туманида “Oqsaroy Vortex” намунасидаги тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш, уларни барпо этишда арзон конструкцияли материаллардан фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.
Хом ашёдан — тайёр маҳсулотгача тамойили асосида вилоятда тўқимачилик саноатини ривожлантириш, бунинг учун таниқли хорижий брендларни жалб этиш, кластерлар фаолиятини таҳлил этиб бориш юзасидан вазифалар белгиланди. Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудидан ўн гектар ер ажратиб, “Oqsaroy Group” компанияси негизида тўқимачилик технопарки ташкил этиш ва маҳсулотларнинг онлайн савдосини йўлга қўйиш кераклиги айтиб ўтилди.
Бундан буён Ўзбекистондаги барча текстиль ишлаб чиқарувчилар бир жойга жамланадиган мазкур технопаркда уларнинг дўконлари ва омборлари бўлади. Технопарк биринчи навбатда ишлаб чиқарувчиларга экспорт масаласига кўмаклашади.
Ёшлар билан ишлашда янги тизим жорий этилади
Буюк келажак сари дадил одимлаётган жамиятдаги ислоҳотлар ва янгиланишлар юксак интеллектуал салоҳиятга эга, ғайратли, фаол аҳоли қатламига таянади. Мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва янгиланишлар жараёнида Ўзбекистон ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда дунёга ибрат бўладиган тажриба тўплаганини халқаро ҳамжамият кўриб, кузатиб турибди. Қувонарлиси, юртимизда олиб борилаётган ёшларга доир давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Президентимиз Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида ҳам бўлиб, қашқадарёлик ёшлар билан очиқ мулоқот қилди. Вилоятда 26 мингдан зиёд ёшлар ишсиз, тадбиркорлик ривожи мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан анча пастда эканлиги қайд этилди.
Йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури доирасида йиллик режага қўшимча маблағ ажратиш зарурлиги таъкидландики, бу ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, айниқса, бандлигини таъминлашда яхши самара беради.
Ҳаммамиз кўриб, кузатиб турибмиз – бугунги шиддат билан ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги уфқ ва имкониятлар очиш билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор этмоқда. Бундан буён вилоятда ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилиб, ҳокимлар ҳар ҳафтада бир кунни ёшлар билан ишлаш куни деб эълон қилиши ва уларнинг муаммолари билан шуғулланиши албатта, келажагимиз эгаларининг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳияти билан бирга, яратувчанлик иқтидорини ҳам рўёбга чиқаради. Шу жиҳатдан ёшлар билан доимий мулоқот олиб борган ҳолда, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг муносиб аъзоларига айланиши, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш нафақат ҳокимлар, балки ҳар бир раҳбар, депутатлар фаолиятининг асосий мезонига айланиши керак.
Бу борада Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси муҳим вазифаларни белгилаб олди. Зеро, ҳар жиҳатдан баркамол, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий қарашларга эга ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал, маънавий салоҳиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш партиянинг муҳим вазифаларидан бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда.
2021 йил тадбиркорликни ривожлантириш йили бўлади
Вилоят фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати танқидий таҳлил қилинди. Қашқадарё ўзининг салоҳиятига мос яшамаётганлиги, мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларидан орқада қолаётгани айтиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари ҳудуддаги ирригация ва мелиорация ҳолатини ҳам кескин танқид қилди. Нотўғри суғориш оқибатида ерларнинг 45 фоизи шўрланган. Айниқса, бу борада Муборак, Ғузор, Нишон ва Косонда аҳвол жуда оғир. 38 минг гектар майдон фойдаланишдан чиқиб кетган. Томчилатиб суғориш жами суғориладиган майдоннинг бор-йўғи 2,4 фоизида жорий қилинган.
Президентимиз бу муаммоларни бартараф этиш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича зарур кўрсатма, таклиф ва тавсиялар бердилар. 2021 йилни вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш йили бўлишини таклиф қилдилар. Бу борада манзилли ишлаш учун туман ва шаҳарларга вазирлар, тармоқ ва банклар раҳбарлари бириктирилди. Ўз навбатида, бугунги бозор талаби ва «ўсиш нуқталари»дан келиб чиқиб, туманларни муайян иқтисодиёт йўналишларига ихтисослаштириш зарурлигини таъкидланди.
Эндиликда Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Китоб туманлари боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилади. Ғузор ва Муборак туманларида нефть-газ-кимё, Чироқчи ва Деҳқонобод туманларида қурилиш материаллари бўйича кўплаб корхоналар ташкил этилади.
Маҳсулот етиштиришда янги тажриба оммалаштирилади
Қашқадарё халқи азалдан меҳнаткаш, деҳқончиликнинг ҳадисини олган, ерни яхши кўради. Жорий йилда вилоятда 857 гектар майдонда картошка, 4,1 минг гектарда сабзавот,1,8 минг гектарда полиз, 8,2 минг гектарда бошқа экинлар экилди. 5,2 минг гектарда август-сентябрь пиёзи ва саримсоқпиёз етиштирилди.
Аҳоли томорқасидан жами 1,2 миллион тонна маҳсулот олиниб, шундан 169,5 минг тоннасини сабзавот, 12,2 минг тоннасини дуккакли экинлар, 206,1 минг тоннасини полиз маҳсулотлари, 102,3 минг тоннасини картошка, 42,9 минг тоннасини кўкат ва зираворлар ташкил этади. Шунингдек, жорий йил октябрь-декабрь ойларида жами 8,8 минг гектарга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари жойлаштириш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланиб, 10 ноябрь ҳолатига кўра, жами 3,5 минг гектарга тўқсонбости экинлари экилди.
«Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили» асосида жорий йил охиригача 284 та маҳалла хонадонлари муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштирилиб, икки ва уч марта ҳосил олиш йўлга қўйилди. Лекин ҳозирги мураккаб шароит бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, вилоятдаги салкам ярим миллион аҳоли хонадонлари ихтиёридаги 57 минг гектар томорқалардан самарали фойдаланиш вазифалари белгиланди. Бу борада томорқадан икки-уч маротаба ҳосил олаётган Шаҳрисабз, Қамаши, Китоб, Касби, Миришкор, Нишон ва Яккабоғ туманидаги намунали маҳаллалар тажрибаси оммалаштирилади. Воҳанинг ҳар бир туманига Фарғона вилоятининг тажрибали деҳқонлари жалб қилиниб, амалий семинарлар ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарёга ташрифи, воҳада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар вилоят аҳолисига янада рағбат, кўтаринки кайфият бағишлади. Янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашиш биз депутатлар, партиямиз фаоллари зиммасига янада масъулиятли вазифалар юклайди. Шундай экан, истиқболли вазифалар ижросини таъминлаш, одамларни рози қилиш, халқ билдирган юксак ишончни оқлашда бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари