Темурбек катта бўлса, зараркунандаларга қарши кучли кимёвий дорилар ихтиро қилиб, деҳқонлар оғирини енгил қилмоқчи

Хонадонга кўча дарвозасидан киришингиз билан кўзингиз ҳосили баргидан кўп ва қип-қизил пишиб турган помидорларга тушади. Бу эса ҳовлидаги сарғайган дарахт барглари билан уйғунлашган ҳолда жуда гўзал манзара ҳосил қилган.
Тумандаги мактабда узоқ йиллар болаларга таълим берган Дилбар Эшонқулова ана шу ҳовлида беш фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Ҳозирда уларнинг уч нафари юртимиздаги олий таълим даргоҳини битириб, ўз касбига эга бўлди. Яна бири ҳамшира, бошқаси эса маҳалла посбони бўлиб меҳнат қилмоқда. 15 набиранинг бувижони бир дақиқа ҳам тиниб тинчимайди.
– Қарилик нафақасига чиққанимдан кейин болаларимга уйда ўтирсам, зерикиб қоламан, томорқада битта иссиқхона қуриб беринглар, меҳнат қилай дедим,– дейди Дилбар Эшонқулова. –Ўғлим аввалига «онажон, чарчайсиз» дея кўнмади. Мен эса сўзимни ўтказдим ва 5 сотихда иссиқхона қурдик. Биринчи йил экилган помидордан яхши ҳосил олиб, 23 миллион сўм даромад олдик. Баҳорда эса тажриба учун бақлажон экдик. Лекин, парваришлашда хатоларимиз туфайли 16 миллион сўмлик ҳосил олдик.
Айни вақтда иссиқхонада пишиб турган помидор ҳосили ярим тонна атрофида эканини тахмин қилаётган Дилбар опа бу йилги даромад кам бўлишини айтиб қолди.

photo_2020-11-02_12-32-41.jpg

«Ўтган йили мана шу ердан бир ярим тонна ҳосил олган эдик. Бу йил чўғи анча кам. Негаки, оиламиз билан каронавирусга чалиниб, ўзимиз билан овора бўлиб қолдик. Ҳолимиз бўлмаганидан, помидорга ҳам ўз вақтида ишлов берилмадик. Ердан унумли фойдаланиш учун очиқ майдондаги 10 сотих еримизда 30 минг дона карам кўчати етиштириб, ижарага олинган ерга ўтказиб қўйдик. Насиб бўлса, меҳнатимизга яраша даромад қиламиз»
Дилбар опа ёлғиз меҳнат қилмайди, атрофи набиралар, келинлар, қизлар билан гавжум. Ўғиллари ҳам ҳар ишда кўмакчи. Биз борган куни ҳам ҳовлида иш қизғин, ҳамма ўзига тегишли юмушлар билан банд экан.
Карам кўчатларидан бўшаган ерни тракторда ҳайдаб, чизеллаб, кузги картошка учун тайёрлаётган Сардорбекни суҳбатга тортдик.

photo_2020-11-02_12-32-43.jpg

– Биринчи марта 12 ёшимда амакимнинг фермер хўжалигида трактор ҳайдашни ўрганган эдим, – дейди С.Шарипов. – Ҳозир 17 ёшдаман. Бувимнинг розилиги билан «Томорқа хизмати»дан лизингга минитрактор олдик. Ихчам, қулай унумдорлиги яхши. Совутгичи ҳам бор. Бузилса, улар текинга сервиз хизмати кўрсатади. Техника олганимиз яхши бўлди, рўзғоримизга барака келтирмоқда. Мавсумда маҳалламиздаги хонадонларни ерларини экишга тайёрлаб, кунига 450-750 минг сўмгача пул топдим.
Албатта, меҳнат қилган кам бўлмайди. Айниқса, болалар ёшлигидан илм олиш билан бирга дарахтларга, экинларга ҳам меҳр қўйса, вақтини бекор ўтказмайди. 13 ёшли Темурбек ҳам ҳовлида иссиқхона ташкил этилганидан буён экинларга кимёвий ўғит бериш сирларини ўрганмоқда. Бироқ, уни оқ пашша жуда ташвишга қўймоқда.
– Оқ пашша анор, пахта, помидор, қовун, ошқовоқ, ерёнғоқ кабиларда кўп учрар экан,– дейди Темурбек. – Ҳовлимизни ёнида пахта даласи, қўшниларимиз турли сабзавотлар, биз эса помидор етиштирамиз. Шунинг учун улар бизда жуда кўп. Энг ёмони оқ пашшаларга қанча дори сепсак ҳам йўқолиб кетмайди. Улар ўсимликларнинг танасидаги суюқлик билан озиқланади. Нимжон бўлиб қолган ўсимликнинг барглари тўкила, меваларда эса доғлар ҳосил бўлиб, хунук бўлиб қолади.
Темурбекнинг энг катта орзуси катта бўлса, бу каби зараркунандаларга қарши кучли кимёвий дорилар ихтиро қилиб, деҳқонлар оғирини енгил қилиш.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Дилбар опанинг оиласи ва бошқа томорқачиларнинг даромади ошиши ёки кам бўлишида туманда ташкил этилган «Томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамиятининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Зеро, томорқачига экаётган экини уруғининг сифатига, керакли минерал ўғит ва зараркунандаларга қарши дориларни тўсиқсиз сотиб олишга кафолат керак. Энг муҳими томорқада етиштирилган маҳсулотга харидор топиш ёки экспорт қилиш. Айни вақтда Бекобод туманида ташкил этилган «Томорқа хизмати» бу вазифаларни бажармоқда.

http://old.uza.uz/oz/society/temurbek-katta-b-lsa-zararkunandalarga-arshi-kuchli-kimyeviy-02-11-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram