Субсидиялар учун манзилли дастур шаклланмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 30 июлида қабул қилинган «Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғоришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун артезиан қудуқларини қазишга давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратишда хизмат қилмоқда.
Кенгаш матбуот хизматидан ЎзАга маълум қилишлари мазкур қарор билан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ҳар бир гектар ерни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бароваридан ошмаган миқдорда субсидиялар берилади. Аҳоли томорқа ерини суғориш учун чуқурлиги 10 метрдан ортиқ бўлган ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплашга қудуқнинг ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан, камида 30 та аҳоли томорқа ерларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг 70 фоизи, бироқ 120 миллион сўмдан ошмага қисми қопланади.
У билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги Низом” га бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, “Лойиҳа ташаббускорларининг ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларини давлат бюджетидан қоплаш схемаси” ва “Талабгорларнинг сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаш схемаси” тасдиқланган.
Қайд этиш керакки, субсидиялар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда тасдиқланадиган рўйхатга асосан 2020-2021 йилларда Инқирозга қарши кураш жамғармаси ҳисобидан ажратилади. 2022 йилдан бошлаб эса Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳудудий рўйхат асосида манзилли дастур шакллантирмоқда.
http://uza.uz/oz/society/subsidiyalar-uchun-manzilli-dastur-shakllanmo-da-14-08-2020