Экспорт қилинган бир тонна маҳсулотнинг ўртача нархи қанча?
Ҳисоб–китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахтага нисбатан узумдан 7 баробар, гилосдан 6 баробар ва ёнғоқдан 5 баробар кўп даромад олиш мумкин экан.
Шу боис ҳам жорий йилда 26 минг 100 гектар майдонда интенсив боғлар ташкил этилди.
Жумладан, 2700 гектарга гилос, 2450 гектарга ёнғоқ, 4325 гектарга олма, 1877 гектарга ўрик, 1406 гектарга бодом, 1608 гектарга шафтоли, 1367 гектарга олхўри, 1118 гектарга анор, 712 гектарга нок, 254 гектарга писта кўчатлари экилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 декабрда қабул қилинган «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори 80 турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини 66 мамлакатга экспорт қилишда қўл келмоқда.
– Биз экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш, 2 миллион 496 минг 51 тонна ёки қиймати 2 миллиард сўмлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга жўнатишга кўмаклашдик,– дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Жаҳонгир Раҳмонов. – Экспорт географияси ва жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари нархидан фермер хўжаликлари ва «Томорқа хизмат»и раҳбарлари кенгаш электрон сайти орқали хабардор қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майда қабул қилинган «Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада янги имконият эшикларини очди. Унга кўра, экспортга ташиш харажатларининг 50 фоизгача миқдорини компенсация қилишга субсидия бериш, экспорт операциялари бўйича товарларнинг божхона расмийлаштирувни амалга оширишда жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан жорий қилинган мажбурий тўловлар ва ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлиги текшириш амалиёти 2021 йил 1 январга қадар бекор қилинди.
Ярим йиллик натижаларига кўра, белгиланган 2,5 миллион тонна ёки 2,0 миллиард доллар миқдоридаги йиллик режанинг бажарилиши бўйича пандемия шароитига қарамасдан экспортга жўнатиш давом эттирилди.
Натижада 651.5 минг тонна ёки қиймати 368,6 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Бунда сабзавотлар ҳажми 454 минг тоннани, қуритилган мевалар 109 минг тоннани, дуккакли экинлар 53 минг тоннани ташкил этди. Бунда экспортга жўнатилган бир тонна маҳсулотнинг ўртача нархи 9 минг долларни ташкил этди.
Қайд этиш керакки, мева-сабзавотларнинг экспорт географияси хам сезиларли даражада ўсиб, 30 та давлатга юборилди. Мисол учун, Қозоғистонга 300 минг тонна, Россияга 144 минг тонна, Афғонистонга 39 минг тонна, Хитойга 14 минг тонна, Покистонга 10 минг тонна, АҚШга 766 тонна маҳсулот жўнатилди.
http://uza.uz/oz/society/eksport-ilingan-bir-tonna-ma-sulotning-rtacha-narkhi-ancha-12-08-2020