Қишлоқ хўжалигида 23 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди
Юртимиз қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Зеро, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастурида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан маълум қилишларича,тармоқни ривожлантириш учун жорий йилнинг июль ҳолатида 1 128 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 7,4 минг фермер хўжалигида кўп тармоқлилик йўлга қўйилди. Бунинг ортидан 23,7 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди.
Қисқа фурсатда кўп тармоқли фермер хўжаликлари 6,6 минг гектар интенсив боғ, 3,2 минг гектар токзор ва 362 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этди.
Шунингдек, 64 та фермер хўжалиги мева-сабзавот, сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш, 135 та хўжаликда нон ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, 76 та фермер хўжаликлари совуткич омборхоналари барпо этди.
Қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, қўйчилик, эчкичилик ва қуёнчилик йўналишида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилди.
Кўп тармоқли фермер хўжаликларининг 21 мингдан ортиғи яъни 37 фоизи онлайн реестрга киритилган. Бу борада Бухоро, Андижон, Хоразм ва Сурхондарёда самарали ишлар ташкил этилган. Аммо, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида бу борада оқсашлар кузатилмоқда.
http://uza.uz/oz/society/ishlo-kh-zhaligida-23-mingdan-orti-ish-rni-yaratildi-29-07-2020