Пахта кластерлари фермер хўжаликларига 800 миллиард сўм тўлаб берди

Куни кеча БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий кенгаши кузатувчиси Йўлчибой Исмоилов ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Ҳайитов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев ва Президент девонига йўллаган мақоласидан кўпчиликнинг хабари бор.

Унда Учкўприк туманидаги “Real Trans Logistic UK” кластери 2019 йил якуни бўйича туман фермерларининг кластерга сотган пахта ҳосили ҳисобидан 8424,8 миллион сўм маблағни асоссиз тўламай келаётганини маълум қилиниб, фермерларнинг ҳақини ундириб бериш сўралган эди.

Мазкур маълумотнинг қанчалик тўғрилиги ва бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида билиш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва таморқа ер эгалари кенгаши раис ўринбосари Абдушокир Раҳимов билан боғландик.

– Пахта тўқимачилик кластерлари белгиланган муддатларда фермер хўжаликларига пул маблағларини тўлаб бермаслик ҳолати доимий ўрганиб борилмоқда, – дейди А.Раҳимов. – Пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмасининг бекор қилиниши, қишлоқ хўжалигида кооперация ва кластер тизимининг жорий этилиши, кўп тармоқли фермер хўжаликларига солиқ имтиёзлари бўйича қатор енгилликларнинг берилиши, ҳуқуқий ҳимоя бўйича тарғибот ишларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Ана шуларни ҳисобга олиб, жорий йил бошида 2019 йил пахта ҳосилидан кластерларни фермер хўжаликларига тўлаб бермаган 897,8 миллиард сўм қарздорлигини ундириш бўйича ҳисоб-китоб қилинди. Ушбу маблағларни ундириш бўйича жойларда ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Натижада пахта кластерлари томонидан фермер хўжаликларига 800 миллиард сўмга яқин маблағ ундириб берилиши таъминланди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат юзасидан ҳам Учкўприк туман ҳокимлигида кенгаш ва Ўзбекистон ЛиДеП вакиллари, фермерлар, кластер раҳбари ва мақола муаллифи иштирокида суҳбат ўтказилди. Бу жараёнда уч миллиард сўм пул маблағларининг ундирилиши таъминланди

Шу билан бирга, солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар бўйича ҳам тушунчалар берилди. Жумладан, Солиқ кодексининг 358-моддасига асосан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари – ягона ер солиғи тўловчилар, кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрига киритилган кундан бошлаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа даромад турлари бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан беш йил муддатга озод этилганлиги, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлагандан кейин фермер ихтиёрида қоладиган фойдага солиқ солинмаслиги тарғиб қилинди.

Албатта, бундай имтиёзлар фермерларга жуда қўл келмоқда. Мисол учун, Булоқбоши туманидаги пахта-ғаллачиликка ихтисослашган «Абдуҳошим Нурматов» фермер хўжалигида тежалган маблағ эвазига 35 ўринли мактабгача таълим муассасасини ишга туширди, бир гектарда интенсив боғ барпо этиб, балиқчиликни йўлга қўйди. Касби туманидаги «Юрт ризқи» фермер хўжалиги «Мадад Шифо» хусусий шифохонаси, 600 тонна сутни қайта ишлаш цехи ва 20 гектар лимонзор ташкил этган бўлса, Бахмал туманидаги «Сафар» фермер хўжалигида 15 тонна қандолат маҳсулотлари цехи фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ҳуқуқий муносабатларини мустаҳкамлаш, маҳсулот етиштириш билан боғлиқ муаммоли масалаларни тезкор ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Қайд этиш керакки, кенгаш мутахассисларининг бевосита ҳуқуқий кўмаги туфайли Деҳқонобод туманидаги «Шерқўзи», Зангиота туманидаги «Абдували Муҳриддин», «Тўлаган» фермер хўжаликларида сув, минерал ўғит, механизация хизматлари билан боғлиқ масалалар ечимини топди. Оққўрғон туманидаги «Элтамаҳали» маҳалласида истиқомат қилувчи М.Абдусаматов ва М.Турсунбоевларнинг кенгаш ҳузуридаги жамғарма маблағларидан иссиқхоналар қуриши эвазига турмуш даражаси яхшиланиб, даромад манбаи ошди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йилда судларга 3 минг 962 ёки 2018 йилга нисбатан 2 минг 390 та кўп даъво аризаси киритилган. 2 минг 448 та даъво аризасининг судлар томонидан қаноатлантирилиб, фермер хўжаликлари фойдасига 162,6 миллиард сўм ундириб берилди. Бундан ташқари, фермер хўжаликларини манфаатларини кўзлаб қарздор ташкилотларга 8 минг 824 та талабнома киритилиб, 2 минг 269 та талабнома орқали 47,1 миллиард сўм фермерларга ундириб берилди.

http://uza.uz/oz/society/pakhta-klasterlari-fermer-kh-zhaliklariga-800-milliard-s-m-t-05-06-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram