Қашқадарёда қовун экспорти бошланди
Бугунги кунда Қашқадарё воҳасида етиштирилган мазали ва хуштаъм мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотлари юртимизнинг барча ҳудудларида севиб тановвул қилинмоқда. Бу албатта воҳа деҳқонларининг беқиёслигидан далолатдир.
Айни кунларда Қашқадарёда хуштаъм қовун маҳсулотлари аллақачон пишиб етилиб, чет давлатларига экспорт учун юкланиб жўнатилмоқда.
Куни-кеча Миришкор туманида жойлашган “Умарқулов Абдуҳолиқжон” фермер хўжалиги томонидан экологик тоза, мазаси тилни ёрар қовунлар Россия Федерациясига экспорт қилинди. 15 гектар майдонга ҳосил эккан ушбу фермер хўжалиги томонидан бугунга қадар оғирлиги 17 тонна 885 килограмм бўлган, қиймати қарийб 18 минг АҚШ долларилик қовунлар экспорти амалга оширилди.
Маҳсулотларни экспортга чиқаришда божхона ходимлари томонидан карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда божхона расмийлаштирувини соддалаштирилган тартибда қисқа фурсатларда амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида, чет давлатига йўл олган маҳсулотларнинг сифатини сақлаш ҳамда манзилга тезкор етиб боришларини таъминламоқда.
http://customs.uz/uz/news/view/4025