Қарор ва ижро: Бир маҳалла – бир маҳсулот
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси раиси А.Хаитов ва бир гуруҳ соҳа мутасаддилари Тошкент вилояти Пискент туманида бўлиб, кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолияти, шахсий ёрдамчи хўжаликлар ва аҳоли томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини ўрганди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил этиш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ва “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бўйича туманда тизимли ишлар қилинмоқда.
Хусусан, Пискент туманининг “Навоий” МФЙда 829 хонадон бўлиб, кўп қаватли уйларда яшовчилардан ташқари қарийб 500 оила шахсий томорқасидан унумли фойдаланиб келади. Айниқса, иссиқхонада булғор қалампири етиштириш анча ривожланган. Биргина Чўлпон кўчасидаги 90 дан ортиқ хонадон эгаси иссиқхонада сабзавот етиштиришнинг самарали усулини йўлга қўйган. Деярли ҳар бир ҳовлида 2 тадан 8-10 тагача қўлбола иссиқхоналарни учратиш мумкин.
– Карантин даврида одатдаги сабзавотларни етиштириш ишлари билан банд бўлганимиз учун чекловлар бизга билинмади, – дейди маҳаллада яшовчи Мастура Раҳмонова. – Оиламизнинг барча аъзолари томорқа юмушлари билан банд. Иссиқхонадан бир йилда 3-4 марта ҳосил оламиз. Ҳозир булғор қалампирини парваришлаяпмиз. Ундан сўнг бодринг, тўқсонбостига саримсоқ ва редиска экамиз. Ҳар бир сабзавотни етиштиришда бозор талабини ҳисобга оламиз.
Айни пайтда бу каби кўплаб маҳаллаларда томорқа эгалари бири иккинчисидан ўрганиб, тажриба тўплаган. Рақобат ва фаровон ҳаётга интилиш билан бир қарич ер ҳам бўш қолдирилмаган. 5-6 сотих томорқадаги иссиқхоналарда ҳозир булғор қалампири, кейин бодринг ё помидор, қишки тўқсонбости экинлари режали экилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзолари хонадон соҳиблари билан суҳбатда уларнинг тажрибаси билан яқиндан танишди. Томорқадан самарали фойдаланган ҳолатда солиқ имтиёзлари қўлланилиши, кредитлар ажратиш бўйича йўл-йўриқ ва зарур маслаҳатлар берилди. Кредит олиш эвазига иссиқхонасини томчилатиб суғориш тизимига ўтказиш ниятида бўлганларга қисқа муддатда имтиёзли кредит олишида кўмаклашиш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқ берилди. Деҳқончилик илми бўйича китоблар тақдим этилди.
Тумандаги “Мингтепа” МФЙ аҳолиси эса қадимдан узумзорлари билан машҳур. Маҳалла раиси Абдурашид Абдуғаниевнинг айтишича, ҳудуддаги 575 хонадоннинг 95 фоизида 60 гектардан зиёд узумзорлар мавжуд. Маҳалладаги 10 деҳқон хўжалиги ҳам узумчиликка ихтисослашган. Ҳудуд тепалик ва лалми ерлардан иборат бўлса-да, мингтепаликлар ток парвариши бўйича мутахассисга айланган. Чунки боғбонлик уларга отамерос касб.
Ҳудуддаги “Аббосхонов Абдусамадхон” деҳқон хўжалиги узумзорида айни вақтда эртаки “Наманган чиллаки”, “Ҳусайни”, “Чарос” навли узумлар гуллаб турибди. Хўжалик раҳбари Акмалхон Аҳроровнинг айтишича, токзордан биринчи ҳосилни териб сотмоқда. Яъни, ток барги баҳорда витаминга бой ва парҳез таомлар тайёрлашда жуда харидоргир. Маҳалла аёллари кунига 200 минг сўмгача баргдан даромад топмоқда. Узум ва ток остида баравж ўсган ширин жўхорини ҳисобга олганда, хўжаликда ердан 3 марта ҳосил олинади.
Навбатдаги манзил “Новкент” маҳалласидаги шахсий ёрдамчи хўжаликлари бўлди. Бу ердаги қаровсиз майдонлар тегишли қарор билан фуқароларга фойдаланиш учун берилган эди. Маҳаллада яшовчи Худойберди Пўлатов 4 сотих майдонга қулупнай, помидор, булғор қалампири ва кўкатлар эккан. Майдон атрофига мевали дарахтлар ўтқазилган, иҳота ўрнида малина буталари. Яшил деворда резавор мевалар пишай деб қолган.
Парламент аъзолари кичик майдонлардан самарали фойдаланиб, эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларни етиштираётган одамлар билан дилдан суҳбатлашди. Асалари боқиб, бол етиштириш истагида бўлган Х.Пўлатовга икки кун муддат ичида имтиёзли кредит олишига ёрдам кўрсатиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатма берилди.
http://uza.uz/oz/society/aror-va-izhro-bir-ma-alla-bir-ma-sulot-12-05-2020