Картошкачилик кластерлари ва кооперацияларига асос солинади

Юртимизда коронавирус пандемияси келтириб чиқараётган инқирозга қарши курашиш шароитида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, томорқалардан йилига икки-уч маротабагача ҳосил олиш учун катта имкониятлар бор. Зеро, мамлакатимизда аҳолини озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш тизими самарали йўлга қўйилган.

Бу ҳақда гапирганда, сўнгги йилларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор қарорлар қабул қилингани, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил қилиниб, аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш бўйича 244 та “Томорқа хизмати” корхона фаолияти йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бугунги кунда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳудудлардаги деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига экин экиш ҳолатини ўрганмоқда. Туманларда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖлари эса тупроқ-иқлим шароити ва сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб, қайси турдаги экинларни экиш, парваришлаш, маҳсулотни йиғиб олиш ва уни сотиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатяпти. 

Кенгаш жойлардаги ҳокимлар билан биргаликда сув таъминоти яхши бўлмаган маҳаллаларда артезиан қудуқлар қазиб, ҳосилдорлик, истеъмол ва уруғлик учун картошка етиштиришни оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, кенгаш ҳузуридаги жамғарма томонидан жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомида картошка уруғи сотиб олиш, картошкачиликни ривожлантириш учун 81 та томорқа ер эгасига 1 млрд. 11 млн. сўм, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги 35 та фермер хўжалигига 1 млрд. 50 млн. сўм, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги “Янгиқўрғон картошкачилик маркази томорқа хизмати” МЧЖга 3 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилди.  

Шу ўринда айтиш керакки, мамлакатимизда истеъмол қилинадиган картошка маҳсулотларининг 80-85 фоизи аҳолининг томорқа ерларида етиштирилади. Бу йил эрта баҳорда аҳолининг 45 минг гектар томорқа ерларида картошка экилди. Айни чоғда Сурхондарё вилоятида эртаки картошка ковлаб олиниб, истеъмолга чиқарилмоқда.

Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада тезлаштириши, шубҳасиз. Негаки, қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда картошкачилик кластерлари ва кооперациялари ташкил этилиб, туманлар ҳамда ҳудудлар картошка етиштиришга ихтисослаштирилади, картошкачилик соҳасига оид бир қатор янгиликлар ва имтиёзлар жорий қилиш кўзда тутилган. Энг муҳими, 2023 йил 1 июлгача четдан олиб кирилаётган уруғлик картошка божхона божидан озод этилади.

Шу билан бирга, картошкачиликка ихтисослаштириладиган туманларда  картошкачилик кластерлари ва кооперациялари ташкил этилади. Бунда, истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришда илғор технологиялар, инновацион ечимлар (ноу-хау) ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, истеъмол ва уруғлик картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш, шунингдек, унинг экспортини кенгайтириш уларнинг асосий фаолият йўналишларидан бири бўлади.

Қарорда истеъмол ва уруғлик картошка, жумладан, унинг супер элита, элита авлодларини етиштиришга туманлар ҳамда ҳудудлар ихтисослаштирилиши ҳам назарда тутилган. Жорий йил 1 майдан бошлаб картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, шунингдек, картошкачилик кластерлари ва кооперацияларининг уруғлик картошка харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун уларга 12 ой муддатгача тижорат кредитлари ажратилиши ҳам белгиланган.

Давлатимиз раҳбари қарорида, шунингдек, тармоққа илмий ишланмаларни татбиқ этиш, селекция, уруғчилик каби йўналишларда ҳам кўплаб вазифалар белгиланди. Кўзланган мақсад битта — республикада истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни ошириш, картошкачилик соҳасида кластер ва кооперация механизмларини кенгайтириш ҳамда картошкага бўлган ички бозор талабини тўлиқ қондиришдир. Зеро, дастурхонимиз тўкин-сочин, бозорларимиз ноз-неъматларга тўла ва арзон бўлиши учун бугун ҳаракат қилмасак, эртага кеч бўлади.

Актам ХАИТОВ,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва

томорқа ер эгалари кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

http://uzlidep.uz/news-of-party/6473?fbclid=IwAR22K9fUoBDccUZTUnS7OiFdtlRwvP49cSD6kDrsqfyZudOlUaPFdPo4W4o

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram