Қўштепа тумани ҳокими ва чорвадор можароси. Мақоладан сўнг сенатор ва депутат муаммони ўрганди

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» фермер хўжалиги раҳбари, чорвадор Абдуманноб Қосимов ва Қўштепа тумани ҳокими Илёс Новиков ўртасида деярли икки йилдан бери давом этиб келаётган низо ҳақида Kun.uz саҳифаларида ёритиб келинмоқда.

29 апрель куни сайт орқали чет элдан наслли қорамоллар олиб келиб боқаётган фермернинг мавжуд ерларини туман ҳокимлиги томонидан суд орқали олиб қўйилгани ҳақида навбатдаги мақола эълон қилинган эди.

Чорвадор мақоладан сўнг унинг хўжалигига Олий Мажлис Сенати аъзоси Иброҳимжон Султонов ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бегали Қодиров ҳолатни ўрганиш учун келишганини билдирди.

Дастлаб сенатор Иброҳимжон Султонов билан боғланиб, ўрганиш натижалари ҳақида сўрадик.

 «Ҳолатни батафсил ўргандик. Иш ҳужжатлари вилоят судига берилган. Аслида суддан сўнг аниқ фикр айтиш ўринли бўларди. Ҳозирда мазкур масалада фермер ёки ҳокимдан бирини ҳақ дея олмайман. Иккисининг ҳам ўзига яраша ҳақиқати бор.

 Фермернинг ҳақлиги – чорва ҳайвонларини боқиш учун ери йўқ. Ҳокимият чорвадорга чорва учун ер берганини маълум қилган. Фермер ерни олмаганини айтяпти. Фермер ҳокимият берган ердан фойдаланмагани учун ўзининг пахта-ғалла учун берилган еридан чорва учун озуқа етиштиришда фойдаланяпти. Ҳокимнинг ҳақ томони – фермернинг пахта ва ғалла учун мўлжалланган 57 гектар ер майдонини озуқа учун ажратиб бериш ваколати йўқлигини айтаётганидадир. Агар ҳоким бу иш учун чора кўрмаса, жавобгар бўлади.

 Ҳоким ер берганини айтиб қутуляпти. Лекин фермер у ердан фойдалана олгани йўқ. Ўзининг эски жойидан фойдаланмоқда», дейди сенатор.

У вазиятни ўрганиш ишларидан кейин Қўштепа туман ҳокимлигида бўлгани ҳақида гапирди.

 «Чорвага озуқа етиштириш учун берилган ер майдонига Қонунчилик палатаси депутати, аграр соҳа мутахассиси Бегали Қодиров билан бирга бордик. Депутат ер майдони билан танишиб, ердан етарли ҳосил олиб бўлмаслигини, агар ер яхши бўлганида чорвадор ердан фойдаланган бўлиши ҳақида билдирди.

 Бу ҳақда туман ҳокими Илёс Новиковга ҳам кириб айтдик. Мутасаддига чорвадор ҳокимлик томонидан берилган ердан фойдаланмаётгани, чунки, у  ердан ҳосил олиб, чорва ҳайвонларини тўйдира олмаслигини айтдик. Ҳоким эса пахта ва ғалла учун ажратилган жойни чорвадорга беришга ваколати йўқлигини айтиб жавоб қайтарди.

 Фермернинг ҳам айби бор. Чунки унга ўша пайтдаги туман ҳокими чет элдан наслли мол олиб келса, пахта ва ғалла учун фойдаланилаётган ерни чорвага озуқа етиштириш учун ажратишини айтиб ваъда берган. Чорвадор ўша ваъдани расмийлаштириб, ёзма равишда олмаган. Ҳозир қўлида асоси йўқ. Оғзаки гапга ишонган. Иккисида ҳам айб бор, иккиси ҳам ҳақ. Ҳаммаси судда аниқ бўлади», дейди сенатор.

Сенатор ҳоким Новиков суд қарори кучга кирмай туриб қарор чиқариб олиши тўғри эмаслигини таъкидлади.

«Бу нотўғри, ҳокимнинг айби ҳам шунда. 30 кун кутиши керак эди. Икки томонни муросага келтиришга уриндик. Ҳоким қўлидан келмаслиги, ерни беришга ваколати йўқлигини такрорламоқда. Чорвадор эса пахта ва ғалла экса, қорамоллари очидан ўлишини айтмоқда.

 Кеча туман ҳокими ветеринария бўлимидан ишчи гуруҳ жўнатиб, чорвадорнинг қорамолларга яраша ери бор ёки йўқлигини текширтириб, ўлчатибди. Телефон орқали чорвадорнинг қорамоллар озуқасига етадиган майдонда ери мавжудлигини айтишди. Маълум бўлишича, улар озуқа етиштириш учун нобоп бўлган 57 гектар майдонни ҳам қўшишган. У ерни ҳисобга олмасликни, чорвадор у ер майдонидан 2 йилдан бери фойдаланмаётганини айтдим», дейди Сенат аъзоси.

 Депутат Бегали Қодиров чорвадорга ҳокимлик томонидан озуқа етиштириш учун берилган ерга боргани ва мазкур майдондан олинадиган ҳосил 10 центнер ҳам чиқмаслиги, бу орқали қорамолларни тўйдириб бўлмаслигини айтди.

 «Биз ўрганишларимиз натижасини Қўштепа тумани ҳокими Илёс Новиковга билдирдик. Бироқ  мутасадди пахта ва ғалла учун ажратилган ерни чорва учун беришга ваколати йўқлигини таъкидламоқда», дейди депутат.

 Маҳаллий ҳокимлик ва чорвадорлар ўртасида ер билан боғлиқ муаммо янгилик эмас. Бироз аввалроқ, Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги «Шерзод наслдор чорвадор» чорвачилик фермер хўжалиги ҳам айнан шундай муаммога дуч келган эди. Kun.uz сайти орқали бу ҳақида таҳлилий-танқидий мақола эълон қилингандан сўнг, бу масала халқ депутатлари Чортоқ тумани кенгаши сессиясида кўриб чиқилган ва чорвадорга чорвачилик учун муносиб ер ажратилган эди.

Савол туғилади. Хўш, нега энди пахта-ғалла майдонини, яъни суғориладиган ерни Наманганда чорвачилик учун ажратиш мумкин-у, Фарғонада мумкин эмас? Наҳотки, қишлоқ хўжалигида чорвачиликнинг ўрни шу бўлса?

 Бизнингча, ҳаммаси туман раҳбарининг хоҳишига боғлиқ.

 Мазкур низоли ҳолат бўйича 12 май куни Фарғона вилоят иқтисодий судида иш кўрилади.  Фарғона судлари томонидан чиқарилган қарорлар Олий судда синаётганига кўп гувоҳ бўлмоқдамиз. Умид қиламизки, суд бу сафар ҳар томонлама қонуний ва адолатли қарор чиқаради.

 Элмурод Эрматов

https://kun.uz/42930521

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram