Тошкент вилоятида “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси самара бермоқда

Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Акмал Умаралиевнинг таъкидлашича, бугунги кунда вилоятда 525 минг 289 нафар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қиз истиқомат қилади. Жорий йил бошида 21 минг 298 ишсиз ёш аниқланган бўлиб, йил давомида уларнинг 68 фоизини доимий иш билан банд қилиш бўйича манзилли режа ишлаб чиқилди.
Шунингдек, апрель ойида, карантин вақтида ўтказилган қайта ўрганиш натижасида юқоридаги рақамларга қўшимча равишда 5 минг 764 ёшнинг ишсиз қолгани аниқланган. Бу борада ҳозирда жойларда сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида 2020 йилнинг 25 апрель ҳолатига кўра, вилоят бўйича 924 ёшга жами 380 гектардан ортиқ ер майдонлари ажратилди.
Жумладан, вилоятнинг Оққўрғон тумани “Султонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 100 ёшга 1 гектардан, Бўка тумани “Бўка” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 200 ёшга 35 сотихдан, Паркент тумани “Сўқоқ”, “Боғбон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидан 315 ёшга 20 сотихдан ер майдонлари мева-сабзавотчилик, боғдорчилик маҳсулотларини етиштириб, ўз даромад манбаини шакллантириш ва бандлигини таъминлаш мақсадида ажратиб берилди.
Шу ўринда юқорида кўрсатиб ўтилган туманларда ёшларга берилаётган ер майдонлари доимий фойдаланиш учун ёшлар корпорациялари ташкил этган ҳолда берилаётгани, уларнинг фаолияти учун вилоят Бандлик бош бошқармаси томонидан грант, субсидиялар ажратилаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Бу борадаги амалий ишлар тизимли равишда давом эттирилиб, ғалладан бўшаган 400 гектардан ортиқ ер майдони 1000 нафарга яқин ёшга фойдаланиш учун ажратиб берилиши ҳам режалаштирилган.

http://uza.uz/oz/society/toshkent-viloyatida-ar-bir-yeshga-bir-gektar-loyi-asi-samara-27-04-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram