Тартибга амал қилинг: Дунё гўзаллиги-ю, сархил ноз-неъматлар соғлом дамлардагина татийди
“Ўттиз йиллар олдин бир ёшга тўлмаган боламга печенье излаб сарсон юрган турмуш ўртоғимни маҳалла педиатри кўриб қолиб, поликлиникадан болалар печеньеси учун талон ёздириб олиш маслаҳатини беради. Бир килограмм печеньени туман марказидаги озиқ-овқат дўконидан талонга сотиб олганимизда қанчалар суюнганимиз. Буни ҳозирда тасаввур қилиш қийин. Агарда 1990 йилларнинг бошида туманимизда озиқ-овқат дўконлари саноқли бўлиб, уларнинг ҳам пештахталар бўм-бўш экани, деҳқон бозори ҳафтада бир марта ишлагани ҳақида айтсам, ҳолатни бугунги кунда ҳамма ҳам тушунавермаса керак.”
Ўз мулоҳазаларини ўтган асрнинг охиридаги хотиралар билан бошлаган Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги фермер Гулхумор Тоғаева ўтган кунларни бугунга қиёслади:
“Бугун-чи? Дўконларимизда ҳамма нарса муҳайё. Юзлаб озиқ-овқат дўконлари кеча-кундуз ишлаб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Пештахталар ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан лиммо-лим. Лекин, юртимизда тарқалган пандемия ҳолатида одамларнинг дўкон ва бозорларга ёпирилишини оқлаб бўлмайди. Ахир, очарчилик бошлангани йўқ, касаллик тарқалди. Уйда соғ-саломат ўтирсангиз, овқат ҳам, бошқа нарса ҳам топилади. Ўзингизни эҳтиёт қилиб, давлатга фойда келтиринг, сиздан бошқа ҳеч нарса талаб этилмайди”.
Дарҳақиқат, бугун уйдан қанчалик чиқмай ўтирсак, қўни- қўшниларга, жамиятга шунча фойда келтирган бўламиз. Айни пайтда далада бизнинг фаровонлигимиз учун деҳқон меҳнат қилмоқда.
“Гулхумор” фермер хўжалигида ҳам иш қизғин. 1 минг 128 гектар майдонда ғалла, пахтадан тортиб, барча турдаги сабзавотлар етиштирилмоқда. Боғлар гулга бурканган. Иссиқхонада помидор, бодрингнинг ҳосили йиғилмоқда. Асаллари дейсизми, балиқ ёки чорва моллари барчаси парваришланмоқда. Тегирмонда тортилган унлар нон цехидан ўтиб, эл дастурхонига етиб бормоқда.
– Деҳқоннинг бир куни бир йилга татийдиган кунларда турибмиз, – дейди Г.Тоғаева. – Фурсатни бой берсак, йил давомида қилганимиздан барака кетади. Шу боис карантин қоидаларига амал қилган ҳолда барча эҳтиёт чораларини кўриб, далада меҳнат қилмоқдамиз. Ишчиларга ниқоблар тарқатиб, оралиқ масофани сақлашни тушунтирганмиз ва назорат қиляпмиз. Ишчилар даланинг турли қисмига тарқалиб ишламоқда. Сувчиларга 10 гектардан ер ажратиб берилган.
“Дўстлик” ордени соҳибаси Гулхумор Тоғаева улкан режалар сари интилаётган эди. Яқинда бир гектарлик спорт комплекси қуриб битказилди. Унда хоккейдан ташқари спортнинг барча тури билан шуғулланиш имкони бор. 120 ўринли замонавий болалар боғчасининг қурилиши эса вазият тақозосига кўра кейинга қолдирилди.
– Ҳадемай, синовли дамлар ортда қолиб, бу режамиз ҳам амалга ошади, – дейди фермер. – Фақат бугунги талабларга амал қилайлик. Зеро, дунё гўзаллиги-ю, сархил ноз-неъматлар фақат соғлом одамгагина татийди…
http://uza.uz/oz/society/tartibga-amal-iling-dunye-g-zalligi-yu-sarkhil-noz-nematlar–05-04-2020