Абдушокир Раҳимов бозордаги нарх-навони ким белгилашини айтди
Карантиннинг қатъий қоидалари ишлаб чиқилган бўлсада, бу соҳа вакилларининг уйларида ўтиришларига ҳеч имкон йўқ. Сабаби, айни вақтда пандемиядан қўрқмай бозорда картошка талашган айрим юртдошларимиз эртага ростакамига “оч қолиб кетмаслиги” учун улар бугун меҳнат қилишга мажбур.
Айни вақтда баҳорги юмушларни ташкил этиш, соҳадаги янгиликлар ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раис ўринбосари Абдушокир Раҳимов билан суҳбатлашдик.
- Вилоятлардан келаётган хабарларга эътибор қилсак, кўпгина туманларда кооперативлар ташкил этилиб янги иш ўринлари яратилмоқда. Карантин пайтида бу қанчалик самара беради?
- Юртимизда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 туманда боғдорчилик соҳасида мутлақо янги — кооперация тизими жорий қилинмоқда,-дейди А.Раҳимов.- Хориж бозорларида ўз товар белгисига эга бўлган экспортчилар, йирик фермерлар ҳамда қайта ишлаш корхоналари иштирокида ушбу туманларда кооперациялар ташкил этилади. Ҳар бир туманда экинларни жойлаштириш кооперациялар таклифи бўйича амалга оширилади, улар боғ ва токзорларга кўчатларни етказиб бериш, ҳосилдорликни ошириш юзасидан кўмаклашади.
Бу билан биз эски боғларни янгилаш, иқтисодий самара бермаётган экинлар ўрнига экспортбоп, харидоргир маҳсулотлар етиштиришга эришамиз. Агар ҳозир интенсив боғ ташкил қил десак, аҳоли ўз бозорини топишга, қандай нав экиш масаласида анча қийналади. Шу боис янги механизмни ташкил этишни бошладик.
Мисол учун, деҳқончилик йўналишидаги кооперация аъзоларининг ҳар бирига 20 сотих ер ва уруғлик олиши учун 2 миллион сўмдан ортиқроқ субсидия берилмоқда. Ҳар бир кооперацияда 50 нафар аъзо бўлади.
Деҳқончиликни бошлаш учун дастлабки сармоя ва ерга эга бўлган деҳқонларнинг маҳсулотни сифатли етиштиришдан бошқа ташвиши бўлмайди. Кооперация бошлиғи эса ҳосилга харидор топиш билан шуғулланади. Айни пайтда бундай тузилмалар 100 ортиқ бўлиши кутилмоқда. Бу борада водий вилоятлари ва Сурхондарёда пешқадамлик қилмоқда.
Дунё тажрибасига назар солсак, Норвегия, Швеция, Финляндия, Япония каби давлатларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг 100 фоизи, Франция ва Германияда эса 86 фоизини кооператив бирлашмалар ташкил қилади. Қозоғистонда 2,8 мингта, Қирғизистонда 442 қишлоқ хўжалик бирлашмаси мавжуд.
-Баҳор – деҳқончиликнинг авжи палласи. Ҳозир юртимизда карантин эълон қилинган. Қишлоқ хўжалигида вазият қай аҳволда? - Баҳор нафақат экин экиш фасли, балки, ҳосил йиғиш мавсуми ҳамдир. Шу кунларда, далалардан тўқсонбости яъни қишнинг тўқсон кунида тайёр бўлган 125 минг гектар ердаги ҳосил йиғилмоқда. Кузда кўкартириб олинган маҳсулот баракали келади. Халқимиз орасида “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган ҳикмат бежизга айтилмаган. Картошка, пиёз, карам айни етилаётган пайт. Қашқадарё ва Сурхондарёда йиғилган янги ҳосил ярмаркалар орқали аҳолига етказиб берилмоқда.
-Карантин муносабати билан бозорларда картошка савдосида навбатлар юзага келди. Бу жараён ўз ўрнига тушган бўлса-да, нарх-навога маълум даражада ўз таъсирини кўрсатди. Бозорларимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришда узилишлар бўлиш эҳтимоли қанчалик мавжуд? - Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича анча илғор давлатлар қаторига киради. Юртимизда йилнинг ҳамма фаслида ҳам деҳқончилик қилиш имконияти мавжуд. Омилкор деҳқонлар йилига уч,тўрт марта ҳосил олиш тажрибасини эгаллаган.
Агар кузатган бўлсангиз, қишда ҳам савдо расталаридан узум, шафтоли, нок, анор каби мевалар, ошқовоқ, бодринг, булғор қалампири кабилар узилгани йўқ. Бозорлар қишда ҳам ёздаги каби тўкин эди. Баҳорнинг илк меваси қулупнайнинг пишганига ҳам анча бўлди. Авваллари унинг ҳосили апрелнинг охирларида кўринарди. Яқин кунларда Бухоро вилоятида ташкил этилган иссиқхоналарда тажриба тариқасида экилган эртапишар тарвуз ҳам пишиб етилади. Зеро, бозордаги нарх-наво деҳқоннинг омилкорлиги ва баракали меҳнатига боғлиқ.